eye
Ўзбекистон Конституциявий суди вакиллари Туркиядаги 13-ёзги мактабда иштирок этди

2025 йил 5–9 октябрь кунлари Туркия Республикасининг Анқара шаҳрида “Оила ҳаёти ва оилавий ҳаётни ҳурмат қилишда конституциявий ёндашув” мавзусидаги 13-ёзги мактаб бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда 31 мамлакатдан 60 дан зиёд конституциявий назорат органи  вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг экспертлари С.Азимов ва У.Юлдашбекова иштирок этди. 

Ёзги мактаб Туркия Конституциявий суди раиси Кадир Озкаянинг очилиш нутқи билан бошланди. Мактаб дастурида оила институтларини конституциявий муҳофаза қилиш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглик, суд тизимининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни каби масалалар муҳокама қилинди.  

Конституциявий суд эксперти Саидбек Азимов “Янги Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлашда конституциявий ислоҳотларнинг ўрни” мавзусида маъруза қилди. Маърузада Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар доирасида оила, аёллар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган нормалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Оилавий зўравонликка қарши ҳуқуқий механизмлар, ёшлар ва аёлларнинг фаол ижтимоий-сиёсий иштирокини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш ва бандлик соҳаларидаги кафолатлар батафсил ёритилди.   

Шунингдек, ёзги мактаб иштирокчиларининг Туркия Конституциявий суди раиси Кадир Озкая билан учрашуви бўлиб ўтди. Кадир Озкая томонидан ёзги мактаб дастури иштирокчиларига тадбир якуни юзасидан сертификатлар топширилди.   

Конституциявий судлар ходимлари иштирок этган ёзги мактабда  тажриба алмашиш, ҳуқуқий ҳамкорликни кучайтириш ва конституциявий одил судловни таъминлашдаги халқаро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш