2025 йил 11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Халқаро конференция доирасида Тайланд Қироллиги Конституциявий суди томонидан 2026-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши муносабати билан Ассоциациянинг рамзий байроғи Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига топшириш маросими бўлиб ўтди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенати, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ҳамда Конституциявий суднинг ҳамкорлари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори, Конрад Аденауер фонди ва Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирок этди.
Халқаро конференцияда 10 дан ортиқ хорижий хусусан, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди, Индонезия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Беларусь республикалари конституциявий судлари раислари, судьялари ҳамда 30 дан ортиқ экспертлар, хусусан Германия Федератив Республикаси эксперти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 30 йиллиги – бу, аввало, мамлакатимиз тараққиёти йўлида мустақил давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этиш билан боғлиқ улкан тарихий жараёнларнинг ёрқин ифодасидир. Бу сана тинчликсевар халқимиз учун янгича ҳуқуқий тафаккур, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган халқпарвар давлат сиёсатининг самараси, конституциявий қадриятлар устуворлигининг рамзи сифатида катта сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий аҳамият касб этиши таъкидланди.



Конституциявий суд бугунги кунда мустақил Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлиги ва адолат ғояларининг амалий кафилига айланди. Мазкур суднинг қарорлари Конституция норма ва принципларининг бевосита амал қилиш ва итоаткорликни шакллантирди. Давлат ҳокимиятининг барча тармоқ ва бўғинлари, мансабдор шахсларнинг фаолиятида адолат, қонунийлик, фуқаролар олдидаги юксак масъулият, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига таянган самарали ва одил бошқарув маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Анжуман иштирокчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокурори, Адлия вазирлиги раҳбарлари ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари координатори ўринбосари Сизов Сергей, Туркия Республикаси Конституциявий суди раиси, Қирғиз Республикаси Конституциявий суди, Таиланд Қироллиги Конституциявий судининг раислари табрик сўзи билан қутладилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан фахрий судьяларга, фаол ҳамкор ташкилотлар ва олимларга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эсдалик нишонлари билан тақдирландилар.



Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси Президенти, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти, профессор доктор Накҳарин Мектрайрат сўз олиб, Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси раислигини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига расман топшириш шараф эканлигини таъкидлади.

Ассоцияацияга раислик рамзи бўлган байроқни топширар экан: “Мен Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раислигида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси янада мустаҳкамланиб боришига, ассоциация қонун устуворлигини таъминлашда янада муҳим рол ўйнашига ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишида Ассоциацияга аъзо барча 22 Осиё давлатлар бирлашишига ишонаман”, деб таъкидлади.


Халқаро конференция ўз ишини учта сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Биринчи ялпи сессия: “Конституциявий ислоҳотлар ва инсон манфаатлари”, иккинчи ялпи сессия “Конституциявий назорат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари” ҳамда учинчи ялпи сессияда “Конституциявий одил судловни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари”га оид маърузалар қилинди.



Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ овоз бериш – референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратди. Миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Конституцияда давлат қурилишининг стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб қўйилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашнинг конституциявий асослари мустаҳкамланди.


Ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели яратилди.

Конференцияда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш бугуннинг асосий вазифасига айланганлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди