eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ОДИЛ СУДЛОВ ЯНГИ БОСҚИЧДА
2021 йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликда “Конституциявий одил судлов янги босқичда” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни Олий суди раиси ўринбосари И.Муслимов кириш сўзи билан очди.

2021 йилнинг 27 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига мувофиқ бўлиб, бир қатор принципиал янгиликлар киритилиши билан боғлиқ.

Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуров янги Қонуннинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида гапириб, ундаги бир қатор янгиликлар конституциявий одил судловни янги босқичга олиб чиқади, деб таъкидлади.  Хусусан, Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди. Мазкур субъектларга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда фуқаролар ва юридик шахслар киради.

Шунингдек, Қонуннинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ишончли кафолатлашга хизмат қилади.  

Давра суҳбатида сўзга чиққан Конституциявий суд судьяси Қ.Улжаев конституциявий суд ишларини юритишнинг процессуал хусусиятлари ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган давра суҳбатида Конституциявий суд ва Олий  суд судьялари, шунингдек вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги судлари судьялари ҳам иштирок этиб,
Конституциявий суднинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқиш масалаларига оид савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Тадбир якунида замонавий демократик давлатларда конституциявий одил судлов инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши, Ўзбекистонда конституциявий одил судловнинг жорий этилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.  

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш