eye
КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ
2021 йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида бир неча кундан буён мамлакатимизда бўлиб турган Корея Республикаси Олий суди раиси Ким Мён Су бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов ташриф буюрган меҳмонларни Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. Сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган тизимли янгиланишлар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган улкан ишлар ҳусусида маълумот берди.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонунга батафсил тўхталиб, 2021 йил 27 апрелдаги  Қонун билан конституциявий суд ишларини юритиш янада  демократлаштирилганлиги, конституциявий назорат самарадорлиги оширилгани, шунингдек биринчи мартда конституциявий шикоят институти жорий этилгани ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирда фуқаролар ва юридик шахслар қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишни бошлашганлигини билдирди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келиши ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилиши ҳақида томонлар ўзаро фикр алмашдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Корея муносабатлари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ стратегик ҳамкорлик асосига қурилиб, бугунги кунда  жуда кўплаб соҳаларда ўзаро алоқалар янги босқичга чиққанлиги айтиб ўтилди.  Ўзбекистон Конституциявий судининг Корея Конституциявий суди билан муносабатларини ҳам янги босқичга кўтариш лозимлиги баён этилди.

Корея Республикаси Олий суди раиси Ким Мён Су Корея ва Ўзбекистон ҳамкорлигида суд-ҳуқуқ органларининг ўзаро муносабатлари муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратиб, икки мамлакатлар ўртасидаги алоқалар давлатларимиз раҳбарлари шафелигида ишончли ҳамкорлик асосида ривожланаётганлигини таъкидлади.

Ўзбекистондаги ташриф давомида суд тизимидаги ислоҳотлар билан танишиб, келгусида ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш ва суд тизимини рақамлаштириш борасида ҳамкорлик қилишни келишиб олганларини билдириб ўтди. Хусусан, Корея суд тизимида видеоконференцалоқа тизимида ишларни кўриш амалиёти татбиқ этилганига 20 йилга яқин вақт бўлгани, айниқса пандемия шароитида судларда видео жараёнлар асосида иш кўрилгани самара берганлигини гапириб ўтди.

Ўзбекистон ва Корея давлатларининг суд-ҳуқуқ тизими соҳасида тажриба алмашишлар, ўзаро самарали муносабатларни янада ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.

Учрашувда Корея Республикаси Олий суди раисига ҳамрохлик қилаётган Сувон шаҳар суди раиси, Корея Республикаси Олий суди раиси бош котиби, Сэул шаҳар суди раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, матбуот ходимлари ва бошқалар иштирок этдилар.

 

 

 

 

Конституциявий суд

Девони

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш