eye
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ 2021 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 1995 йил ташкил топган бўлиб, фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108 ва 109-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда мустаҳкамланган.

2021 йилнинг 27 апрелида “Ўзбекистон Республикасининг  Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши  мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига мувофиқ бўлиб, бир қатор принципиал янгиликлар киритилиши билан боғлиқ.

Хусусан, Қонун билан Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилиб, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам қўшилди.

Қонуннинг муҳим янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга  конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши бўлди. Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Шунингдек, Қонунда қуйидаги муҳим янгиликлар, процессуал ҳаракатлар ўз аксини топган: 

Биринчи, Қонунда конституциявий суд ишларини юритишнинг процессуал қоидалари батафсил тартибга солинди. Конституциявий судга мурожаат қилиш, мурожаатни дастлабки кўриб чиқиш, ишни кўриб чиқиш учун қабул қилиш.

Иккинчи, Конституциявий суд ишларини юритишнинг иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суд мажлиси баённомаси, процессуал муддатлар, суд чиқимлари ва харажатларни қоплаш тартиби.

Учинчи, айрим турдаги ишлар бўйича иш юритишнинг хусусиятлари каби процессуал тартиб-таомиллар белгилаб қўйилди.  

Тўртинчи, Конституциявий суд қарорларининг турлари ва уларни қабул қилиш, эълон қилиш ва кучга киритиш тартиби ҳамда қарорнинг юридик кучи тўғрисида нормалар қонунда ўз аксини топган. Конституциявий суд қарори қатъий ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас. Конституциявий суд қарори билан Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг муайян қисми ўзининг амал қилишини тугатади. Давлат органлари Конституцияга мувофиқ эмас, деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қабул қилган ўз қарорларини бир ойдан кечиктирмай қайта кўриб чиқишлари шартлиги белгилаб қўйилди.  

Бешинчи, Конституциявий судда мурожаатларни кўриб чиқиш мутлақо бепул, яъни фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий судга масала киритиб, у кўриб чиқилган ҳолда улардан давлат божи ундирилмайди. Бу эса, фуқаро ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда берилган имконият ҳисобланади.

Янги қонун қабул қилиниши ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқлар берилиши муносабати билан Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга субъектлар доираси кенгайди. Ўтган йили улар томонидан қилинган мурожаатлар бўйича Конституциявий суднинг 2 та Қарори ва 43 та ажрими қабул қилинди.

Масалан, 2021 йил 2 июлда Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 43 ва 47-бандларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш масаласини кўриб чиқилган.

Конституцияга мувофиқ деб топилган бўлсада, Вазирлар Маҳкамаси  2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг қўлланилиши жараёнида давлат органлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятида айрим  камчиликлар аниқланди. Конституциявий суд қарорида Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органлари томонидан қонунийликни таъминлаш тўғрисида тегишли тавсиялар берилди ва берилган тавсиялар ҳисобга олинди. Вазирлар Маҳкамаси  “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини тайёрлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритди ва мазкур ҳужжат Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси кун тартибига киритилганидан кенг жамоатчилик яхши хабардор.        

Шунингдек, Конституциявий суднинг 2021 йил 13 сентябрдаги мажлисида “Aloqainvest” ва “Alta vetta” масъулияти чекланган жамиятларининг шикояти бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни 18-моддасининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

“Aloqainvest” ва “Alta vetta” масъулияти чекланган жамиятларининг шикояти бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни 18-моддасининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Суд-экспертиза марказига тегишлича улар ходимлари томонидан ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш ва суд экспертизасини ўтказиш жараёнида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибнинг бузилиши ҳолатлари кўрсатилиб уларга тегишли тавсиялар берилган.

Конституциявий суднинг мазкур қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори ва аввалги инстанциялар қарорларини бекор қилди ҳамда иш апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун юборилган.

Конституциявий суд фаолиятининг асосий йўналишларидан яна бири  қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш ҳисобланади. Хусусан, 2021 йилда Конституциявий судда 1 063 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўрганиб чиқилган. Шундан, Ўзбекистон Республикасининг 67 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 67 та фармони, 227 та қарори, 11 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 574 та қарори, Бош прокурорнинг 28 та буйруғи, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 89 та қарори Конституцияга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиб, таҳлил қилинди.

Фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий одил судлов органига бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши Конституциявий судда иш ҳажмининг ошишига сабаб бўлди. Аввалги йиллари Конституциявий судга бир йилда ўртача 800-1000 мурожаат келган бўлса, янги қонун қабул қилингандан кейин мурожаатлар сони 1,5 мингга етди. Шундан Конституциявий суднинг ваколатига тааллуқли мурожаатлар 127 та (16%)ни ташкил қилади. Улар Қонунга биноан кўриб чиқилди, қолганлари   Конституциявий судга тегишли бўлмагани учун мурожаатлар муаллифларига асослантирилган тушунтиришлар берилган ёҳуд тегишли ташкилотларга юборилган.   

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мурожаатларнинг таҳлиллари мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар борлигини кўрсатмоқда. Шу боис, янги қонуннинг мазмуни ва моҳиятини биринчи навбатда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб боришга эътибор қаратилмоқда. Конституциявий суд томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда телерадио каналларида матубот анжуманлари ўтказилди, матбуотда оммабоп мақолалар чоп этилди. Конституциявий судга мурожаат қилиш тартибларини аҳолига тушунтиришга мўлжалланган видеороликлар тайёрланиб, телевидение ва ижтимоий тармоқларда намойиш қилинди.

Шу билан бирга, Конституциявий суд олдида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар мавжуд. Хусусан, замон талабига мувофиқ равишда Конституциявий суд фаолияти очиқлигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилишни соддалаштириш, интерактив қулайликлар яратиш, Конституциявий суд мажлиси жараёнини Конституциявий суд сайтида, оммавий ахборот воситаларида тўғридан-тўғри эфирда берилишини таъминлайдиган тизим яратиш, Конституциявий судга келаётган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш жараёни очиқлигини таъминлаш учун тўлиқ рақамлаштириш ҳамда Конституциявий суд судьялари ва ходимларининг малакасини ошириш кабилар ташкил этади. Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича бугунги кунда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва ижобий ҳал қилиш йўллари белгилаб олинди.

Шунингдек, Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини янада кучайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди.

Фуқаролар ва юридик шахслар учун яна бир қулайлик яратилди. Конституциявий суд раҳбарлари ва судяьларига масофадан туриб телеграмм каналида +998 97 033-46-26 рақами орқали видеомурожаат қилиш имконияти яратилди. Бу ҳақда Конституциявий суд веб-сайти орқали маълумот олиш мумкин. Кейинги фаолият ва мақсадлар ҳам фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилишда ҳуқуқ ва имкониятларни янада кенгайтириш бўлиб қолади.          

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш