eye
Мақсад – суд тизимини мустаҳкамлашда ҳамкорликни кучайтириш
2022 йилнинг 13 сентябрь куни Тошкентдаги “Central Palace”меҳмонхонасининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди вакилларини АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA)лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Жорж Вашингтон номидаги университети профессорлари М.Рассел-Эйнхорн ва Р.Робертслар билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Ғафуров, судьялар А.Рахимов, А.Рахманов, Девон раҳбари Н.Саид-Газиева, катта экспертлар К.Хамидова ва Ш.Исакулов, юридик фанлар доктори, профессор Ж.Нематов иштирок этди. 

А.Ғафуров Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимиздасўнгги йилларда конституциявий одил судловни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг суд-ҳуқуқ тизимида тутган ўрни ва роли, фаолиятининг йўналишлари, шунингдек 2021 йил
27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун мазмуни, янгиликлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, қонун билан конституциявий суд ишларини юритиш янада демократлаштирилганлиги, конституциявий назорат самарадорлиги оширилгани, биринчи мартда конституциявий шикоят институти жорий этилгани ҳақида тушунтириш берди. Фуқаролар ва юридик шахслар томонидан қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоятларни Конституциявий судда кўриб чиқиш амалиёти ҳақида гапириб ўтди. 

Учрашувда америкалик профессорлар Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига катта қизиқиш билдириб, суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар дастури (JSSA)доирасида ҳамкорликни амалга ошириш таклифини билдирдилар.

Ўзаро фикр алмашиш жараёнида олимлар Конституциявий суднинг фаолиятига қизиқиш билдириб, бир қатор саволлар билан мурожат қилдилар. Хусусан, Конституциявий суд ҳам Олий суд Пленуми каби қонунни қўллаш амалиёти юзасидан қарорлар қабул қилиши юзасидан, Ўзбекистон Конституциявий суди қабул қиладиган ҳужжатлар тури, мақоми ва амал қилиш доираси, унинг умумий юрисдикция судларидан фарқли жиҳатлари,  фуқаролар ва юридик шахслардан келган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш механизмлари ҳамда уларни суд процессида кўриб чиқиш жараёнлари ҳақида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилиши юзасидан фикр алмашилди. 

Шунингдек, муҳокама жараёнида АҚШлик олимларга Конституциявий суд фаолияти ҳақида тарғибот ишларини ташкил этиш, юридик йўналишдаги олий ўқув юртларида Конституциявий суд фаолиятига оид дарс соатларининг ўқитилиши, дарсликларга киритилгани каби масалалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Учрашувда келгусида ташкилий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳамкорликни кучайтириш, хорижий давлатлар Конституциявий судлари тажрибасини яқиндан ўрганиш бўйича фикр алмашилди. Бунда конституциявий одил судловни ривожлантириш масалаларида эксперт-мутахассислар билан тренинглар, семинарлар ташкил этиш ҳамда ўқув қўлланмалар чоп этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш