eye
Асосий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишда Конституциянинг талқини бўйича хорижий тажриба
Туркия Республикаси Конституциявий судининг таклифига асосан 2022 йил 21-22 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди катта экспертлари К.Хамидова ва Ш.Мажидов Анқара шаҳрида ўтказилган “Асосий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишда Конституциянинг талқини” мавзусидаги 10-ёзги мактаб дастурида онлайн иштирок этди.

10-ёзги мактаб дастурида Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига аъзо давлатлар вакиллари ҳамда бошқа хорижий давлатлар конституциявий назорат органлари, шунингдек Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди вакиллари гибрид форматда (онлайн ва офлайн) қатнашди.

Тадбирнинг расмий очилиш маросими Туркия Республикаси Конституциявий суди мажлислар залида бўлиб ўтди ва унда Конституциявий суд раиси Зухту Арслан нутқ сўзлади ҳамда ташриф буюрган меҳмонларни қутлади.

Тадбирда иштирок этган давлатлар Конституциявий суд вакиллари ўз давлатининг Конституциясида асосий ҳуқуқ ва эркинликларга оид  нормалар талқини ва қўлланилиши ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва роли, суд-ҳуқуқ тизимида қўлланилишига оид маърузалар билан иштирок этдилар.  

10-ёзги мактаб дастурида Конституциявий суд катта эксперти К.Хамидова Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий-ҳуқуқий талқини мавзусида маъруза қилди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясида асосий ҳуқуқ ва эркинликларга оид нормаларнинг мустаҳкамлангани ва унинг ижроси, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлар, унинг мазмун-моҳияти, босқичлари, унда фуқароларнинг фаол иштироки ҳамда Асосий қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида, шунингдек 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун мазмуни, ундаги янгиликлар тўғрисида маълумот берилди.  

Тадбирда ҳар бир давлат вакиллари конституциявий назорат органлари фаолиятида Конституцияни талқин қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқ нормаларини суд амалиётида қўллаш, ҳокимиятлар тенглиги ва бир-бирини тийиб туриш принципларини рўёбга чиқариш механизмлари ҳамда бу соҳадаги муаммолар ҳақида фикр алмашдилар.

10-ёзги мактаб дастури якунида Туркия Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Кадир Ўзкая сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда уларга сертификатларни топширди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ходимларининг мазкур тадбирдаги иштироки Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини ошириш, Конституция устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучлироқ ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, конституциявий одил судлов ривожланган демократик давлатлар Конституциясидаги ижобий нормаларни Ўзбекистон тажрибасига татбиқ қилишга хизмат қилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди Девони

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш