eye
Адолат – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтгандек, “Адолат йўқолган пайтда ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур. Судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”, деб ёзган.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон тараққиётининг дастлабки беш йилик даврида бошланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, Давлат бошлиғи таъкидлаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш борасидаги ислоҳотлар тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётганини ҳам кўриб турибмиз. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки, юнон файласуфи Эпикур айтгандек, - ақлли, ахлоқли ва адолатли бўлмай туриб, кўнгилдагидек яшаш мумкин эмас. Ва, аксинча, кўнгилдагидек яшамай туриб, ақлли, ахлоқли ва адолатли ҳаёт кечириб бўлмайди.

Келинг шу ўринда эътиборингизни кейинги йилларда ва биз кўп айтадиган Янги Ўзбекистон суд тизимида олиб борилган ислоҳотлар қаратсак. Статистик маълумотларда, биргина, шахсларни суд залидан озод этиш динамикаси шундан далолат бермоқдаки, судлар ҳақиқатдан ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда том маънода мустақил фаолият юритаётганини намоён этмоқда.

Масалан, судлар томонидан 2019 йилда 3080 та, 2020 йилда 3434 та, 2021 йилда 5930 та, 2022 йилда 8453 та ва 2023 йилда 7362 та шахслар суд залидан озод этилган. Шунингдек, 2017-2023 йиллар давомида жами 5956 нафар шахс судлар томонидан оқланган. 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг самарасини амалда бера бошлади. Шу ўринда, суд ҳокимияти тизимида ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш борасида кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотларга тўхталсак.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 132-моддасига мувофиқ: Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.

Шу ўринда диққатингизни битта муҳим жиҳатга қаратмоқчимиз. Авваллари, яна ҳам аниқроғи, 2017 йилга қадар Конституциявий суд аъзоларини сайлашда, ҳозиргидек демократик тамойиллар тўлиқ жорий қилинмаган бўлиб, таъбир жоиз бўлса, Конституциявий суд судьяларини сайлаш тартиби Конституцияда батафсил кўрсатиб берилмаган. Мамлакатимиз Президентининг шахсан ташаббуслари билан судларни мустақиллигини таъминлаш, хусусан Конституциявий судни ташкил этишда давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни таъминлаш мақсадида давлат бошлиғи сифатида Президент – Қонун чиқарувчи ҳокимият (юқори палата Сенат), шунингдек, Судьялар олий кенгаши биргаликда иштирок этиши белгилаб қўйилди.

Шундай қилиб, Конституциявий суд судьялигига номзодлар уч босқичда шакллантирилади. Судьялар олий кенгаши тавсия этади. Президент тақдим қилади. Сенат томонидан сайланади. Конституциявий суднинг бундай тартибда шакллантирилиши дунё амалиётида мавжуд ва энг демократик тартиб - тамойилларга тўлиқ жавоб беради.

Аввал, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлаш ҳақидаги қоида бўлмаган. Бу ҳам янги жорий қилинган тартиб бўлиб, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосарини мустақил фаолият юритиши учун муҳим кафолат ҳисобланади. Авваллари, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари номзоди Президент томонидан тақдим этилган. Ва, бу қайсидир маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга бўлган ягона суд ҳокимияти фаолиятига образли қилиб айтганда, “босим” остида ушлаб турмаслигига кафолат йўқ эди. Эндиликда бундай “босим”ларга ўрин қолмади. 

Очиқ айтиш керак, Янги Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида, энг аввало, “инсон қадри учун” деган тамойил устуворлиги боис, Конституциявий суд фаолиятига илк маротаба жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий шикоят институтини тадбиқ этилишига туртки берди. Бундан қариб, 35 йил аввал ташкил топган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари Асосий Қонунни жами тўртта бандида белгиланган бўлса, бугун эса, унинг ваколатлари жиддий равишда кенгайиб, Янгиланган Конституцияни 133-моддасининг 8 та бандида мустаҳкамлаб қўйилди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.” Демак, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Президент чақириғига янада масъулият билан ёндашаверади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истар эдикки, келгуси мақолаларимизда ҳам сиз азиз ўқувчиларни ва фуқароларимизни мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолияти билан янада яқинроқ таништиришда давом этамиз. Токи, кенг жамоатчилик суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлардан хабардор бўлар экан, олиб борилаётган ислоҳотлардан шахсий манфаатдорлиги ортиб бораверади. Бу эса, ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилиши шубҳасиз.

Абдуманноб Раҳимов,

Конституциявий суд судьяси,

ЎзА

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш