Бугун 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Хорватия парламенти билан Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди.
Хорватия парламенти – Сабор делегацияси раҳбари, Хорватия парламентининг Конституция, регламент ва сиёсий тизим қўмитаси раиси, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳи раиси Иван Маленица билан Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов учрашди.

Учрашувда Хорватиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Рефик Шабанович, Хорватия парламенти депутатлари, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳи аъзолари Иван Рачан ва Хрвоэ Зеканович, дўстлик гуруҳи котиби Габриэла Кухарич Койич, Конституциявий суд судьялари ва экспертлари, Ўзбекистон экологик партияси фракциясининг раҳбари Абдушукур Хамзаевлар иштирок этди.
Конституциявий суди раиси меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари, фуқаро ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиши ҳақида тўғрисида гапириб берди.
Суҳбат давомида меҳмонга 2025 йил 18 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация раҳбари Иван Маленица Ўзбекистон-Хорватия парламентлараро дўстлик гуруҳи ва Хорватия Конституциявий суди фаолияти тўғрисида сўзлаб берди. Хусусан, Хорватия Конституциявий суди қабул қиладиган қарорлар парламентда муҳокама қилиниши жараёни тўғрисида маълумот берди. Ўзбекистон Конституциявий суди тажрибасидан ўрганишга муносиб жиҳатларига эътибор қаратди.
М.Абдусаломов меҳмонларга ташрифи ҳамда учрашувда билдирилган фикрлар учун миннатдорчилик изҳор қилиб, келгусида Ўзбекистон ва Хорватия Конституциявий судлари ўртасида муносабатларини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиб боришни таклиф қилди. Шунингдек, давлатлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, Тошкентда Хорватиянинг элчихонасини очиш бунга янада яхшироқ имконият яратиши мумкинлиги таъкидланди.
Хорватиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Рефик Шабанович сўнгги йилларда давлатлар ўртасида икки томонлама муносабатлар ривожланиб, савдо ҳажми ўсиб бораётганлига эътибор қаратди.