Конституциявий судда Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов жамоада меҳнат қилаётган хотин-қизларни байрам билан қизғин қутлади.

Бу йилги байрам Конституциявий суд учун икки карра қувончли бўлди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “10 март – Халқаро аёл судьялар куни” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси Балкибаева Жанагул Исмайловна «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Мазкур юксак мукофот Конституциявий судда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаолиятига эътибор намунаси бўлди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан қутларкан, аёлларни эъзозлаш азалий қадриятимиз эканлиги, бугун юртимизда қизларнинг таълим олишлари, илм-фан сирларини чуқур ўрганишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, яратилаётган шароитлар ҳамда бу борада Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлашди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди