Бугун Конституциявий судда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Халқаро ҳуқуқ” факультети 1-босқич талабалари ҳамда “Халқаро ҳуқуқ ва оммавий-ҳуқуқий фанлар” кафедраси профессор-ўқитувчилари “Конституциявий ҳуқуқ” фани доирасида талабалар ва ўқитувчилар билан маҳорат дарси бўлиб ўтди.

Маҳорат дарсини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, юридик фанлари номзоди М.Э.Абдусаломов кириш сўзи билан очиб, бугунги тадбир ёшлар билан тизимли учрашувлардан бири эканини таъкидлади.

Янги таҳрирдаги Конституция ва ундан келиб чиқадиган вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-253-сонли “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш устивор вазифа экани айтиб ўтилди.

Маҳорат дарсида Конституциявий суд судьяси, юридик фанлар номзоди А.Рахмонов “Инсон ҳуқуқлари устуворлиги ва Конституциявий суд ваколатларининг кенгайиши давр талаби” мавзуида, Конституциявий қонунчиликни таҳлил қилиш бўлими бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Ш.Рўзиназаров “Конституциявий адолат ва қонунийликни таъминлаш-ижтимоий давлат тараққиётининг гарови” мавзуида маърузалар қилиб батафсил маълумотлар берилди.

Талабалар Конституциявий суд фаолиятига қизиқиш билдириб, бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига оид, суд фаолиятига рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш, шунингдек Конституциявий суднинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар конституциявий судлари билан ҳамкорлигига оид саволларига берилган жавоблар уларда Конституциявий суд фаолияти билан яқиндан танишиш имконини берди.

Университетда олинган назарий билимни сайёр дарсда мустаҳкамлаш, айниқса соҳанинг етук вакилларидан олишлари маҳорат дарсининг чинакам аҳамиятини кўрсатди. Бундай турдаги ҳамкорлик давом эттирилиши ҳақида фикрлар билдирилди.