eye
Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ўринбосари Таиланд Қироллигининг Конституциявий суди халқаро конференциясида маъруза қилди

Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Таиланд Конституциявий суди ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан 8-9 апрель кунлари  халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда. 

Мазкур нуфузли анжуман конституциявий назорат органлари, халқаро ҳуқуқий ташкилотлар ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирокида ташкил этилди ва «Ўзгарувчан глобал тартиб шароитида тинчликни таъминлашда қонун устуворлигининг кафолатчиси сифатида Конституциявий судлар» мавзусига бағишланди.

Конференция доирасида конституциявий адолат институтларининг жаҳон миқёсидаги ўрни, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича илмий-амалий мулоқотлар ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Ғафуров  Таиланд Қироллигида ўтказилган халқаро илмий конференцияда видео мурожаат орқали “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзуидаги видео мурожаат билан иштирок этди. 

Хусусан, маърузада мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий конституциявий механизмлари ва конституциявий одил судловни такомиллаштириш масалалари халқаро иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Видео мурожаатда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилиши, конституциявий шикоят институтининг аҳамияти, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб йўналишлари юзасидан муҳим фикр ва таклифлар илгари сурилди.

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш