eye
Конституциявий суд фаолиятига оид билимлар сайёр дарсда мустаҳкамланди

Бугун Конституциявий судда Тошкент давлат юридик университети “Суд ҳокимияти, адвокатура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар” кафедраси томонидан ўтиладиган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди” мавзусида 1-босқич талабалари ҳамда мазкур кафедра ўқитувчилари билан “Конституциявий ҳуқуқ” фани доирасида сайёр дарс машғулоти бўлиб ўтди.   

Маҳорат дарсини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди  раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, юридик фанлари номзоди   М.Э.Абдусаломов кириш сўзи билан очиб, бугунги тадбир ёшлар билан тизимли учрашувлардан бири эканини таъкидлади. Конституциявий суд ва ТДЮУ ўртасидаги Ҳамкорлик Меморандуми 2023 йил имзоланиб, унинг асосида Конституциявий суднинг мамлакат суд тизимида тутган ўрни, конституциявий назорат ва конституциявий шикоят институти ҳақидаги назарий дарсларни амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.  

Янги таҳрирдаги Конституция ва ундан келиб чиқадиган вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-253-сонли “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш устивор вазифа экани айтиб ўтилди.   

Маҳорат дарсида шунингдек, Конституциявий суд раиси ўринбосари, юридик фанлари доктори А.Ғафуров, судьялар юридик фанлари доктори А.Рахимов ҳамда юридик фанлар номзоди А.Рахмоновлар иштирок этди. Хусусан, Конституциявий суд ваколатлари, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, Конституциявий судга масала киритиш мавзуларида маърузалар қилиб, батафсил маълумотлар берилди.  

Талабалар Конституциявий суд фаолиятига қизиқиш билдириб, бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар ва уларга батафсил тушунтиришлар берилиб, Конституциявий суд фаолияти билан яқиндан, бевосита  танишиш имконини берди. Бу эса олинган назарий билимни сайёр дарс машғулотида мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш