eye
“Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Конституциявий судлари: замонавий Конституциявий одил судлов амалиёти, тизимли ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Туркия Республикаси Конституциявий  суди делегатсиясининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий  судига ташрифи доирасида “Ўзбекистон ва Туркия республикалари Конституциявий  судлари: замонавий Конституциявий  одил судлов амалиёти, тизимли ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий  суди раиси М.Абдусаломов кириш сўзи билан очиб, мазкур мулоқот икки давлат Конституциявий  судлари ўртасида умумий ҳуқуқий қадриятлар, устувор тамойиллар ва замонавий ёндашувларни атрофлича муҳокама қилиш учун муҳим платформа эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, замонавий шароитда Конституциявий  судлар зиммасидаги вазифалар янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Рақамлаштириш жараёнлари, глобаллашув, янги ҳуқуқий муносабатлар ва жадал ижтимоий ўзгаришлар суд ҳокимиятидан инноватсион ёндашувларни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, тизимли ривожланиш нафақат институтсионал ислоҳотларни амалга ошириш, балки ҳуқуқий тафаккурни янгилаш, суд қарорлари сифатини ошириш ва уларнинг ижтимоий аҳамиятини кучайтиришни ҳам назарда тутади. 

Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик мазкур жараённинг ажралмас қисми экани таъкидланди. Конституциявий судлар ўртасидаги мулоқот ва тажриба алмашиш нафақат амалий жиҳатдан фойдали, балки инсон ҳуқуқлари соҳасида умумеътироф этилган стандартларни шакллантиришга хизмат қилади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2026–2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилмоқда. Туркия Республикаси Конституциявий суди эса бой тарихий тажрибага эга бўлиб, Европа ва Осиё ҳуқуқий анъаналари туташган нуқтада шаклланган етакчи конституциявий назорат органи ҳисобланади.

Шунингдек, Туркия Конституциявий суди Туркий давлатлар конституциявий судлари ассоциацияси ҳамда Ислом давлатлари конституциявий судлари ассоциациясига раислик қилиб келмоқда. У, шунингдек, Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясининг фаол аъзоси сифатида ҳар йили конституциявий судлар ходимлари малакасини ошириш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўқув дастурлари ва ёзги мактаблар ташкил этиб келади.

Таъкидланганидек, Туркия Республикаси Конституциявий суди билан амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш ҳар икки томон учун ўзаро манфаатлидир. 

Тадбирда Туркия Республикаси Конституциявий суди Президенти Қодир Ўзкая сўзга чиқиб, самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия томони Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини, шунингдек, унинг Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислиги даврида яқин ҳамкор бўлиб қолишини таъкидлади.

Халқаро давра суҳбатида ҳар икки томон вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар, конституциявий назоратни такомиллаштириш масалалари, замонавий конституциявий одил судлов амалиёти, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари юзасидан маърузалар тақдим этдилар.

Муҳокамалар натижалари икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма ташаббусларни илгари суриш ва конституциявий одил судлов соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратди.

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш