eye
Туркия Республикаси Конституциявий суди Президенти Қодир Ўзкая ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раиси М.Абдусаломов ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди

2026 йил 4 май куни Ўзбекистон  Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ҳамда Туркия Республикаси Конституциявий суди Президенти Қодир Ўзкая  ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Туркия – бу нафақат стратегик ҳамкор давлатлар, шу билан бирга, асрлар давомида синовдан ўтган муштарак тарих, муштарак маданият ва энг муҳими, қардошлик ришталари билан боғланган халқлардир. Бугун бу биродарлик ҳар жиҳатдан янги мазмун ва янги руҳ билан бойиб бормоқда. 

Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари мутлақо янги – стратегик шериклик ва олий даражадаги ишонч босқичига кўтарилди. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий ва сиёсий соҳаларда, балки ҳуқуқий давлатчилик ва конституциявий тараққиёт йўлида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.

Учрашувда Конституциявий одил судлов соҳасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётгани, судялар ва мутахассислар ўртасида самарали мулоқот ва тажриба алмашиш йўлга қўйилгани, бу ўз навбатида, қўшма ташаббуслар ва амалий лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор яратиши алоҳида қайд этилди.

Айтиш жоизки, Туркия Республикаси Конституциявий суди Президенти Кадир Ўзкая бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи 8 майга қадар давом этади ва ҳамкорликда қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хусусан, Ўзаро англашув Меморандумини имзолаш ҳамда “Туркия ва Ўзбекистон Республикалари Конституциявий судлари: замонавий конституциявий одил судлов амалиёти, тизимли ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро давра суҳбатини ўтказиш назарда тутилган.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш