eye
Амалий учрашувлар ёш мутахассисларнинг билимини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Конституциявий судда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети) Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Тошкент шаҳридаги филиалининг “Халқаро хусусий, фуқаролик ҳуқуқи ва арбитраж” факультети 1-босқич талабалари ҳамда мазкур кафедра ўқитувчилари билан “Конституциявий ҳуқуқ” фани доирасида сайёр дарс машғулоти бўлиб ўтди. 

 

Маҳорат дарсини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди  раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори А.Гафуров кириш сўзи билан очди ва Конституциявий суднинг мамлакат суд тизимида тутган ўрни, конституциявий назорат ва конституциявий шикоят институти ҳақида маълумот берди.

Мазкур учрашув университетда назарияда олинган билимларни амалий дарс машғулотида мустаҳкамлаш, хусусан конституциявий иш юритишни ташкил этиш тартиби ва қонун ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш имконини беради.

Маҳорат дарсида шунингдек, Конституциявий суд судьяси, юридик фанлар номзоди А.Рахмонов ҳамда Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Каримовлар иштирок этди. Конституциявий суд ваколатлари, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, Конституциявий судга масала киритиш мавзуларида маърузалар қилиб, батафсил маълумотлар берилди.  

Талабалар Конституциявий суд фаолиятига қизиқиш билдириб, бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби, қонунларга шарҳ бериш амалиёти, қонун ҳужжатларини Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш ҳамда Конституциявий суд судьялигига қўйиладиган талаблар каби саволларга  батафсил тушунтиришлар берилди.

Бу каби учрашувлар ёш мутахассисларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва уларнинг амалий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш