Хабар қилинганидек, Сеул шаҳрида Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясининг Илмий тадқиқотлар ва ривожлантириш Котибияти томонидан ташкил этилган
“Конституциявий ҳуқуқнинг долзарб масалалари” мавзусидаги
5-илмий-тадқиқот конференцияси бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси иштирок этди.
Конференция иши доирасида Ўзбекистон Конституциявий суди Девон раҳбари Н.Саид-Газиева ва Экспертлар гуруҳи раҳбари Ш.Мажидов ҳамда Жанубий Корея Конституциявий суди раиси Ким Сан Хван ва Бош Котиб Инхюк Сон билан амалий учрашув бўлиб ўтди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда ҳуқуқий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этиб, икки мамлакат Конституциявий судлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик муносабатларини юксак қадрлашимиз ва келгусида ҳам ҳамкорлик Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси доирасида янада мустаҳкамланишига умид қилиниши билдирилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясига 2026-2027 йилларда раисликни қабул қилди. Жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII Конгресси “Рақамлаштириш ва сунъий интеллект даврида конституциявий адолат кафолатлари” мавзусига бағишланади.
Шу муносабат билан, Корея Конституциявий судида жорий қилинган рақамлаштириш бўйича дастурлар ва амалий натижалар юзасидан тажриба алмашишга келишиб олинди.

Илмий-тадқиқот конференцияси ўз ишини сессияларда давом эттирди. Хусусан, 2018 йилдан “Конституцияга тузатишлар”, “Асосий конституциявий қарорлар” мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди. “Конституциявий аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжатлари” номли учинчи сессияда Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси вакили Ш.Мажидов модераторлик қилди.
Муҳокамалардан сўнг Илмий-тадқиқот конференциясида билдирилган фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, иштирокчи давлатларга якуний хулосалар эълон қилинди.