eye
АВЛОДЛАР МУЛОҚОТИ: ЁШЛАРНИ ЭЗГУЛИККА ДАВАТ ЭТАДИ

Жорий йилнинг 23 май куни Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 1-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши ташаббуси билан яна бир маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

"Авлодлар учрашуви" деб номланган ушбу тадбир 1969 йилда ушбу таълим муассасасини фахрий битирган, таниқли давлат ва жамоат арбоби, ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Элчиевич Абдусаломовнинг ибратли ҳаёт йўли ва кўп йиллик самарали фаолиятига бағишланди.

Маърифий тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Судьялар Олий Кенгаши ходимлари, Сирдарё вилояти ва Ховос туман судлари раислари, Ховос тумани раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, суд тизими фахрийлари, мактаб жамоаси, шунингдек, Мирзо-Улуғбек Элчиэвич билан бир партада ўқиган ҳурматли синфдошлар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар М.Абдусаломовнинг суд тизимидаги кўп йиллик машаққатли меҳнати бугунги ёшлар учун чинакам ўрнак эканлигини таъкидладилар.

Унинг шарафли ҳаёти ва фидойи хизматлари ёш авлод учун катта сабоқ бўлиб хизмат қилади ва уларни келажакда юксак инсоний фазилатларга эга яхши инсонлар ва малакали мутахассислар бўлиб етишишларига ундайди.

Учрашувда мактабнинг фаол, билимли ва зукко ўқувчилари Ватан, адолат ва ўқитувчиларни улуғловчи гўзал шеърларни маҳорат билан ўқиб беришди. Бу тадбирга янада кўтаринки ва байрамона руҳ бағишлади.

Очиқ ва самимий мулоқот шаклида ўтган учрашувда бир қатор мактаб ўқувчилари ҳам сўзга чиқиб, синфдошлари, устозга муносиб авлод бўлиб улғайишга ваъда беришди.

 

Ушбу маърифий тадбир ёшлар қалбига юксак давлат ва жамоат арбоби даражасига кўтарилиш сири тинимсиз меҳнат ва интилишда, ўрганишда, талабаларни янги мақсадларга эришишга ундашда эканлигини сингдиришда катта амалий аҳамиятга эга.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Судьялар олий кенгаши

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш