Бугун Тошкент давлат юридик университетида ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Бахтияр Шамсутдинович Мирбабаевнинг 80 ёшлик юбилейи муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси, Судьялар олий кенгаши, Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Конституциявий суд судьялари ва ходимлари, суд-ҳуқуқ тизими вакиллари, давлат органлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза Улуғбек Абдусаломов, Бахтияр Мирбабаевнинг мамлакатимиз ҳуқуқшунослик илми, конституциявий одил судлов ва юридик таълим ривожига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг тегишли Фармони ўқиб эшиттирилди. Бахтияр Шамсутдинович Мирбабаевга давлат мукофоти “Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Адлия вазири Акбар Тошқулов, Тошкент давлат юридик университети ректори Бахшилло Ходжаев, университет профессори Халимбой Бобоев ва бошқалар сўзга чиқиб, Бахтияр Мирбабаевнинг ҳуқуқшунослик соҳасидаги самарали фаолияти, бой илмий мероси ва кўп сонли шогирдлар тарбиясидаги хизматларини юксак баҳоладилар.
Сўзга чиққанлар Бахтияр Мирбабаевнинг катта тажрибага йўғрилган сермазмун ҳаёт йўли, юридик илм-фан, олий таълим, давлат бошқаруви ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларидаги кўп йиллик самарали меҳнати Ватанимиз равнақи, қонун устуворлигини таъминлаш, миллий ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш ва ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашда мамлакатимиз тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси эътироф этилди.
Б.Мирбабаев меҳнат фаолиятини оддий дурадгор сифатида бошлаб, умр йўлини илм-фанбилан боғлади. 1971-1982 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг илмий ходими, 1982-1991 йилларда Тошкент давлат юридик институтида катта ўқитувчи, доцент, декан, проректор, 1994-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчисилавозимларида самарали фаолият юритди.
1998 йилдан Конституциявий суд раис ўринбосари, Раис лавозимларида фаолият юритиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг шаклланиши ва ривожланишига, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшиб, жамоатчилик орасида ҳурмат ва обрў-эътиборга эга бўлди.
Тадбир якунида Бахтияр Шамсутдинович Мирбабаев самимий табриклар ва билдирилган юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда ҳуқуқшунослик илмини янада ривожлантириш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳар бир олим ва мутахассиснинг муҳим вазифаси эканлигини таъкидлади.
Тантанали тадбир иштирокчилари юбилярни қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тиладилар. Бу каби тадбирлар ёшларга бир қатор муҳим имконият ва сабоқлар беради. Зеро, Бахтияр Мирбабаевнинг ибрат мактаби, унинг давлат арбоби сифатида босиб ўтган йўли ёшларда илм-фанга, меҳнатга ва касбига садоқат руҳини шакллантиради.
Ҳуқуқшунослик соҳасида юқори натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатиб, талабалар ва ёш мутахассисларни янги ютуқларга ундайди. Устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мамлакат тараққиёти ва қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир ёшнинг муҳим вазифаси эканини англатади, ватанпарварлик ва фуқаролик масъулиятини кучайтиради. Ҳуқуқшунослик илмини ривожлантириш ва янги билимларни эгаллашга интилишни рағбатлантиради.
Шу боис, мазкур тадбир нафақат юбилярнинг хизматларини эътироф этиш, балки ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва малакали кадрлар этиб тарбиялашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди