eye
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ МАЖЛИСИ

2026 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошисини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29, 65 ва 141-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш ҳақидаги масала муҳокама қилинди. 

Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов мажлисда раислик қилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик  палатаси депутатлари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси,  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бола ҳуқуқлари Омбудсмани, Бизнес Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Одил судлов Академияси, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, шунингдек Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси А.Рахимов ўз маърузасида Инсон ҳуқуқлари бўйича  Миллий марказ мурожаатининг моҳияти, иш кўрилишига сабаб бўлган ҳолатлар юзасидан мажлис иштирокчиларига маълумот берди. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг мурожаатида баён этилганидек, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 3-моддасининг учинчи қисмига кўра, адвокат қуйидагилардан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас:

илмий ва педагогик фаолият; Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги (бундан буён матнда Адвокатлар палатаси деб юритилади) ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият; патент вакили ва медиатор сифатидаги фаолият; шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолият; ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида (судларида) судья сифатидаги фаолият; суд бошқарувчиси сифатидаги фаолият (фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишни амалга ошириш бўйича адвокатлик фаолияти учун лицензия олган адвокатлар учун).

Лекин, кўрсатилган нормада адвокатни тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шартномавий-ҳуқуқий асосда уларнинг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолияти назарда тутилмаган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг фикрича “Адвокатура тўғрисида”ги Қонун 3-моддаси учинчи қисмининг бешинчи хатбошисини Ўзбекистон Республикаси Конституцияда белгиланган ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади (29-модда), Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади (65-модда), деган конституциявий нормаларга мувофиқлигини аниқлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади (29-модданинг биринчи қисми), Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади (65-модданинг иккинчи қисми), шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади (141-модданинг биринчи қисми). 

Суд мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва бўлим бошлиғи О.Норбоев Конституциявий судга мазкур масалани киритишга асос бўлган ҳолатлар, шунингдек бошқа важлар, далиллар ва маълумотларни баён қилди. 

Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов, Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси  бошлиғи М.Ҳатамов, Адвокатлар палатаси раиси Ш.Садиков, “FORSE OF JUSTICE” адвокатлик бюроси директори А.Вахабов, “Юристкадр” адвокатлик фирмаси раҳбари С.Мухтаралиев, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Ф.Отахоновлар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. 

Конституциявий суд муҳокама қилинаётган масала юзасидан томонлар, мутахассислар ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларни эшитиб, масалани чуқурроқ ўрганиш ва ишга оид материалларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва шундан кейингина бир тўхтамга келиш мумкин деган хулосага келди. 

Раислик қилувчи томонидан Конституциявий суд мажлиси 2026 йил 12 июнь куни давом этиши маълум қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш