2026 йилда Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII Конгресси бўлиб ўтади. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ассоциацияга 2025–2027 йиллардаги раислиги доирасидаги энг муҳим халқаро ҳуқуқий форумлардан бири ҳисобланади.
Бугун Ўзбекистон Конституциявий суди томонидан ташкил этилган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси аъзо давлатлари Бош котибларининг онлайн ишчи мажлисида 17 та давлат, хусусан Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон, Озарбайжон, Индонезия, Туркия, Таиланд, Иордания, Ироқ, Ҳиндистон, Мальдив, Монголия, Малайзия, Мьянма, Фаластин, Филиппин, Покистон республикалари конституциявий назорат органлари Бош котиблари, девон ва котибият раҳбарлари, халқаро алоқалар бўлинмалари раҳбарлари, масъул алоқа шахслари иштирок этдилар.\
Онлайн учрашувни Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Конституциявий суди 2025 - 2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик қилмоқда. Бу биз учун нафақат катта шараф, балки давлатимизга билдирилган юксак ишонч, конституциявий одил судлов соҳасидаги халқаро нуфузимизнинг эътирофи ва улкан масъулиятдир, деди.

Шу маънода, Ассоциацияга раислик даврини биз шунчаки ташкилий жараён сифатида эмас, балки Осиё конституциявий маконида ишонч, очиқлик, ўзаро ҳурмат ва амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш имконияти сифатида кўрамиз. Бугунги онлайн ишчи мажлис ҳам ана шу катта мақсад сари қўйилаётган муҳим амалий қадамдир.
Ушбу мажлис Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Ассоциация Бош котиблари йиғилиши, Ассоциация аъзолари Кенгаши йиғилиши ҳамда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII Конгрессига тайёргарлик жараёнини биргаликда муҳокама қилиш, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашиш ҳамда кейинги ҳамкорлик қадамларини келишиб олишдан иборат.

VII Конгресснинг асосий мавзуси – “Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов: судьялар мустақиллиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашнинг замонавий ҳуқуқий кафолатлари” деб белгиланган.
Зеро, бугунги глобал ўзгаришлар даврида рақамлаштириш ва сунъий интеллект шиддат билан ҳаётимизга кириб келмоқда. Аммо энг муҳим масала шундаки, ҳар қандай технология, ҳар қандай инновация ва ҳар қандай рақамли ечим инсон манфаатига, Конституция руҳига ва адолат ғоясига хизмат қилиши лозим, дея таъкидлади.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Конституциявий суди Девони раҳбари Н.Саид-Газиева кун тартибига қўйилган масалалар билан таништирди ва фикр алмашиш учун аъзо давлатлар вакилларига сўз берди. Унда қуйидаги масалалар

биринчидан, VII Конгресс концепцияси ва дастури бўйича таклифларни жамлаш;
иккинчидан, Ассоциация аъзолари Кенгаши йиғилиши ва Бош котиблар йиғилиши кун тартибини келишиш;
учинчидан, рақамлаштириш, сунъий интеллект, ҳуқуқий таҳлил, маълумотлар хавфсизлиги ва киберхавфсизлик бўйича маърузаларни шакллантириш;
тўртинчидан, Самарқанд декларацияси лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.


Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан Туркия, Иордания, Қозоғистон, Озарбайжон, Индонезия Конституциявий судлари ҳамда Ҳиндистон, Филиппин ва Фаластин Олий суди вакиллари ўз таклифлари ҳамда тавсияларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди