26 июнь куни Ўзбекистон Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Бизнес омбудсманнинг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатини Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Гафуров кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигига оид бир қатор нормалар Асосий қонунда мустаҳкамланганини таъкидлади.
Конституциянинг 65-моддасида хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддасига биноан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъектлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам белгиланган.
Бугунги кунда Конституциявий суд ва Бизнес Омбудсман ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган, тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган мурожаатлар, уларда қонунни қўллаш амалиёти юзасидан қўйилган масалалар бўйича бир неча бор фикрлар алмашилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж.Урунов тадбиркорлар мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва фаровонликни оширишда ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Бизнес омбудсман тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирларни кўраётгани ҳамда тадбиркорлик суъектларининг қонун ҳужжатлари ҳамда суд қарорларига оид масалалар юзасидан фикрлашишга тайёр эканини маълум қилди.
Конституциявий суд судьяси А.Раҳимов “Конституциявий суд ислоҳотлари инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим шарти” мавзусида маъруза қилди. Унда Конституциявий судга фуқаро ва юридик шахслар томонидан юборилган мурожаатлар ўрганилиб, Конституциявий суднинг Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилган 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахборотида ҳам эътибор қаратилгани айтилди.
Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси, юридик фанлари доктори, профессор Ф.Отахонов “Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш усуллари” мавзусида маъруза қилиб, мамлакат иқтисодиёти локомотиви бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятига оид қонунчиликни тўғри қўллаш долзарб вазифа эканини таъкидлади. Бунда Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципини қонун нормаларини билан ҳамоҳанг қўллаш лозимлиги таъкидланди.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш шўъбаси мудири Г.Шукурова “Тадбиркорларни конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари: тадбиркорларнинг мурожаатларини таҳлили ва ҳал этилмаган масалалар”га тўхталиб, тадбиркорлардан келиб тушаётган қонунчиликка доир таклифлар, фикрлар ва масалалар юзасидан Конституциявий суд билан ишчи гуруҳ тузган ҳолда аниқ чора-тадбирлар асосида ишлаш таклифини билдирди.
Давра суҳбатида таъкидландики, Президентнинг тадбиркорлар билан ҳар йилги очиқ мулоқотлари анъанага айланган бўлиб, унда кўтарилган солиқ, кредит ва бюрократик тўсиқлар каби долзарб муаммолар бевосита ҳал этилади. Конституциявий суд ва Бизнес Омбудсман мамлакатдаги қонунлар тўғри ва самарали ишлаши борасида ҳамкорликни янада ривожлантириши лозимлиги ҳамда билдирилган барча таклифларни муҳокама қилиш учун кейинги қадамлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди