eye
Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрнига бағишланган халқаро тренинг бўлиб ўтмоқда

2026 йил 22–23 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Конституциявий суднинг инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни» мавзусида халқаро тренинг бўлиб ўтмоқда.
Тренинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Ўзбекистондаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) лойиҳалар координатори офиси ҳамкорлигида ташкил этилди.
 
Тадбирнинг асосий мақсади конституциявий одил судлов орқали инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш механизмларини муҳокама этиш, халқаро илғор тажрибани ўрганиш ҳамда соҳадаги профессионал мулоқотни янада ривожлантиришдан иборат.

Тренингни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистондаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) лойиҳалар координатори офиси билан конституциявий одил судлов юзасидан хорижий   тажрибани ўрганишда Конституциявий суд билан яқиндан хамкорлик қилишини таъкидлади. 2025 йил 18 декабрда қабул қилинган ПФ-253-сонли Президент Фармонида Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш, электрон суд даражасида фаолият юритишга эришиш ва бунда энг асосий мақсад инсонлар мурожаат қилиши учун қулайлик яратиш, Конституция нормалари устуворлигини таъминлашдир.   
Шунингдек, Ўзбекистондаги ЕХҲТ Лойиҳалар координатори офиси лойихалари бўйича халқаро маслахатчи Эндрю Юрковский тренинг  иштирокчиларини қутлади ҳамда Конституциявий суд билан хамкорлик конституциявий одил судлов борасида Европа тажрибасини яқинроқ ўрганишга хизмат қилишини айтди.

Тренинг дастурига мувофиқ, халқаро экспертлар доктор Маттиас Хартвиг ва доктор Михаэль Айхбергер томонидан конституциявий назоратнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги аҳамияти, замонавий ёндошувлар юзасидан маърузалар тақдим этилди.
Тренингнинг биринчи куни давомида иштирокчилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимида давлат бошқаруви органлари, умумий юрисдикция судлари, омбудсман институтлари ҳамда Конституциявий суднинг ўрни ҳамда ўзаро ҳамкорлиги, шунингдек Конституциявий суднинг сиёсий жараёнлар билан муносабати,  конституциявий назорат чегаралари каби масалаларни муҳокама қилдилар.

Инсон қадр-қиммати, яшаш ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, адолатли суд муҳокамаси ҳуқуқи ҳамда ижтимоий ҳуқуқларнинг конституциявий кафолатлари бўйича халқаро ва қиёсий-ҳуқуқий тажриба таҳлил қилинди.

Тренингнинг амалий қисмида Европа давлатлари Конституциялари нормалари ижроси хамда Европа комиссияси, Европа парламенти, Европа судлари қарорлари ижроси ўртасидаги аниқлаштирувчи масалалар,  ижтимоий минимум кафолатлари, ифода эркинлиги, адолатли суд муҳокамаси ҳуқуқи, телефон суҳбатларини тинглаш каби долзарб ҳуқуқий масалалар юзасидан Конституциявий судлар амалиёти асосида тайёрланган кейсларни кўриб чиқдилар.
Кўриб чиқилган мавзулар доирасида ҳар бир мавзу юзасидан   иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот ва савол-жавоблар ташкил этилиб, муҳокама қилинган мавзулар бўйича фикр ва таклифлар алмашилди.
Мазкур халқаро тренинг конституциявий одил судлов соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги илғор тажрибани миллий амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.



Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш