Бугун «Конституциявий суднинг инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни» мавзусидаги тренинг иккинчи кунида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда конституциявий одил судловнинг ролини кучайтириш, Конституциявий суд фаолиятининг замонавий ёндашувлари ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш, мазкур соҳадаги мутахассислар ўрни ва ролига оид мавзулар кўриб чиқилди.
Германиянинг таниқли ҳуқуқшунослари Германия Федерал конституциявий судининг собиқ судьяси, профессор Михаэль Айхбергер ҳамда Гейдельберг шаҳридаги Макс Планк институтининг конституциявий ҳуқуқ бўйича етакчи эксперти доктор Маттиас Хартвиг Германия Конституциявий суди қонунчилиги ва амалиёти юзасидан маърузалар қилдилар. 
Тренингнинг биринчи қисмида Конституциявий судда иш юритиш турлари, якка тартибдаги конституциявий шикоят институти, жисмоний шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, конституциявий назорат объекти ҳисобланган ҳужжатлар, ҳуқуқий ҳимоянинг миллий воситаларидан тўлиқ фойдаланиш талаби ҳамда суд йиғимларига оид ҳуқуқий масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тренингнинг иккинчи қисми Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш тартибига бағишланиб, унда оғзаки эшитувлар ва ёзма иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари, адвокат орқали вакиллик, иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш, экспертларнинг иштироки ҳамда amicus curiae институтининг конституциявий одил судловдаги аҳамияти хусусида маърузалар тақдим этилди ва амалий муҳокамалар ўтказилди.
Шунингдек, Конституциявий суд қарорларини тайёрлаш амалиётига бағишланди. Хусусан, судьяларнинг маслаҳатлашув тартиби, судья ёрдамчиларининг роли, Конституциявий суднинг аввалги ҳуқуқий позицияларига ҳавола қилиш амалиёти, миллий ва хорижий судлар қарорларидан фойдаланиш ҳамда суд қарорларининг мазмуни ва тузилишига қўйиладиган замонавий талаблар муҳокама қилинди.
Тренинг доирасида иштирокчилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий ва халқаро тажрибалар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, қизғин савол-жавоблар асосида амалий тажрибалар муҳокама қилинди.
Тадбирда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Конституциявий суднинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, конституциявий одил судловнинг самарадорлигини ошириш ва мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Тренинг якунида иштирокчиларга «Конституциявий суднинг инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни» мавзусидаги ўқув курсини тугатганлиги ҳақида сертификатлар топширилди.
Мазкур тренинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистондаги ЕХҲТ Лойиҳалари координатори офиси ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб, конституциявий одил судлов ва конституциявий шикоят институти борасидаги илғор хорижий амалиётни ўрганиш, тажриба алмашиш, ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди