Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда анъанага айланган ҳар пайшанба – “Ёшлар куни” муносабати билан пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Мустақилликнинг 35 йиллиги – Янги Ўзбекистон ёшлари нигоҳида” шиори остида маърифий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда Конституциявий суд судьялари ва девон ходимлари, Мудофаа вазирлиги масъуллари, фахрийлар, маҳалла ёшлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида иштирокчилар ва ёшлар мажмуа ҳудудида бунёд этилган “Миллат фидойилари” ёдгорлиги пойига ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида гулчамбарлар қўйиб, юрт тинчлиги ва Ватан ҳимояси йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар хотирасини ёдга олдилар.
Шундан сўнг ташриф буюрувчилар учун “Миллат фидойилари” хиёбони бўйлаб саёҳат уюштирилиб, ёшларга ушбу хотира майдонининг яратилиш тарихи, рамзий маънолари ва меъморий ечими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Президентимиз ташаббуси билан қад ростлаган ушбу ёдгорлик мажмуаси мустақиллик йилларида она юртимиз сарҳадларига уюштирилган террорчилик хуружларига қарши курашда, шунингдек, ўз ҳарбий ва хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ўчмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган.
Мазкур мажмуа Давлат байроғидаги ярим ой ва 12 та юлдуз кўринишида лойиҳалаштирилган. Марказида “Ота — давлат, Она — Ватан” ғоясини мужассам этган Ота ва Она сиймоси қад ростлаган. Уларнинг атрофидаги муқаддас арка, тишланган нон, соғинч мактублари, бешик ҳамда мардлик рамзи бўлган шер тимсоллари бой миллий қадриятларимиздан сўз очади.
Мажмуанинг барельеф композициясида Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Суд тизими, Давлат божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Президент давлат хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жасур ходимлари, уларнинг жанговар ва инсоний жасорати акс эттирилган.
Ушбу хиёбондаги юлдузларнинг бир тарафига Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 196 нафар ватандошимизнинг номлари алифбо тартибида муҳрланган. Иккинчи тарафидаги 60 та замонавий мониторда эса уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги видео ва фотоматериаллар мунтазам намойиш этилади.

Эътиборлиси, “Ғалаба боғи” ва унинг таркибидаги “Миллат фидойилари” мажмуаси бугунги кунда ёшларнинг маънавий ва тарихий билимларини бойитадиган, ватанпарварлик туйғуларини жўштирадиган энг севимли масканларидан бирига айланиб улгурган. Ҳар пайшанба куни ўтказиб келинаётган “Ёшлар куни” доирасида бу ерга келувчи йигит-қизлар Ватан тарихини янада чуқурроқ англамоқдалар.

Саёҳат давомида Конституциявий суд судьялари ва мутахассислари ёшлар билан самимий мулоқот ўтказиб, уларга Конституция, адолат мезонлари, давлатчилик асослари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти ҳақида ҳаётий мисоллар орқали тушунчалар бердилар ҳамда уларнинг саволларига батафсил жавоб қайтардилар.
Тадбир якунида иштирокчилар бу каби маърифий учрашувлар ёш авлод қалбида масъулият ва Ватанга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Матбуот хизмати