6 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини Конституциявий суд томонидан ҳимоя қилинишининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил
18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади – Конституция устуворлигини таъминлаш, Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётида самарали ижросини кафолатлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш ҳамда суд қарорларининг қонунийлиги ва адолатлилигини оширишдан иборат.
Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини ҳамда Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётида самарали ижросини таъминлашга қаратилган.
Қонунда судлар ташаббуси асосида Олий суд томонидан муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги масаласи юзасидан Конституциявий судга мурожаат киритилганда, тегишли иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш механизми белгиланмоқда.
Шунингдек, муайян суд ишида қўлланилган қонун Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун процессуал асос яратилмоқда.
Қонун нормалари суд амалиётида ҳуқуқий аниқликни таъминлашга, бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш имкониятларини кенгайтиришга, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга ҳамда Конституциявий суд қарорларининг суд амалиётида самарали ижросини кафолатлашга хизмат қилиши белгиланган.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Матбуот хизмати