20 август куни Ўзбекистон Конституциявий суди ҳамда Халқаро Шахмат Академияси ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ёшлар иштирокида “UzChess” платформаси ва олимпия форматида “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Тадбир Халқаро Шахмат Академияси биносида ташкил этилди ва унда Конституциявий суди судьялари, ходимлари, Ўзбекистон Шахмат Федерацияси вакиллари ҳамда ёш шахмат ихлосмандлари иштирок этди.
Мусобақанинг асосий мақсади – ёшларда стратегик ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни юксалтириш, спорт ва ҳуқуқий маданиятни уйғунлаштириш, шунингдек, ёш авлод қалбида Мустақилликни қадрлаш туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбирда Конституцияда мустаҳкамланган инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, маънавий ва маданий қадриятлар ҳамда адолат ғояларини спорт ва интеллектуал ривожланиш билан уйғун ҳолда тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 48-моддасида давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланган. Конституциянинг 79-моддасида эса давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиши назарда тутилган.
Шахмат турнири ана шу конституциявий нормаларнинг амалий ифодаси сифатида ёшларни интеллектуал спортга кенг жалб этиш, уларнинг стратегик фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбирнинг очилиш маросимида Халқаро Шахмат Академияси ва Ўзбекистон Конституциявий суди раҳбарияти вакиллари иштирок этиб, Мустақилликнинг 35 йиллиги, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида таъкидланди.
Мамлакатимизда шахмат спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижаларга тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4954-сон, 2022 йил 5 августдаги ПҚ-347-сон ҳамда 2023 йил 8 майдаги ПҚ-150-сон Қарорлари шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон мадҳияси янгради ва иштирокчиларга “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси кубоги” мусобақаси Низоми қоидалари тушунтирилиб старт берилди.

Мусобақасида 45 нафар болалар, ўсмирлар ва ёшлар иштирок этиб, “UzChess” платформаси ва олимпия форматида 7 турдан иборат швейцарча тизимда рапид йўналишида шахмат ўйнадилар.


Мусобақа якунлари бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси кубоги” 1, 2 ва 3-ўринлар ғолибларига тантанали топширилди. Шунингдек, барча иштирокчиларга сертификатлар ҳамда Ўзбекистон Шахмат Федерациясига ва Халқаро Шахмат Академиясига мусобақани юқори савияда ўтказишда кўрсатган амалий ҳамкорлиги ҳамда ёшлар ўртасида шахмат спортини янада оммалаштириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятни юксалтиришда қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Ташаккурнома топширилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг
35 йиллигини муносиб нишонлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг интеллектуал ривожланиши учун янги имкониятлар яратишга қаратилган ташаббусларнинг узвий давоми ҳамда нафақат шахмат мусобақаси, балки стратегик тафаккур, адолат ва соғлом рақобат руҳида тарбиялашга қаратилган маърифий-спорт тадбири сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Матбуот хизмати