21 август куни Конституциявий судда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан ўтказилган “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро конференциянинг хорижий иштирокчилари 17 давлат (Греция, Италия, Қатар, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Россия, Словакия, Таиланд, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Уммон ва Ҳиндистон вакиллари) Омбудсманлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) Ф.Эшматова, Конституциявий суд судьялари ва Девон ходимлари иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов кириш сўзи билан очди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан ташкил этилган “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро конференция мавзуси бугун ҳар бир давлат учун, ҳар бир соҳа учун нафақат долзарб, балки инсон ҳуқуқларининг келажаги нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Бугунги кунда рақамли технологиялар жамият ва давлат ҳаётининг деярли барча соҳаларига чуқур кириб келаётган даврда сунъий интеллект, электрон давлат хизматлари, маълумотлар базаси ва рақамли платформалар инсон ҳаётини енгиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва янги имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Бироқ, рақамлаштириш жараёни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам янги чақириқларни юзага келтирмоқда.Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект асосида қарорлар қабул қилишда адолат ва шаффофликни таъминлаш каби масалалар тобора катта аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, рақамли трансформациянинг асосий мезони технологияларнинг қанчалик тез ривожланаётгани эмас, балки ушбу тараққиёт инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қай даражада таъминлаётгани билан белгиланиши мухим аҳамиятга эга.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилди. Конституцияда давлатнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдан иборат экани янада аниқ ва қатъий белгиланди. Бу конституциявий қоидалар барча давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий ва институционал асосини белгилаб берди.
Рақамли трансформация шароитида ушбу конституциявий ёндашувнинг аҳамияти янада ортади. Чунки технологиялар ўзгаради, рақамли платформалар янгиланади, сунъий интеллект имкониятлари кенгаяди. Аммо инсон ҳуқуқларининг фундаментал моҳияти ўзгармаслиги керак.Аксинча, янги технологиялар инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг янги воситасига айланиши, инсон ҳуқуқларини чеклаш воситасига эмас, уларни янада самарали таъминлаш механизмларига хизмат қилиши лозим.
Шу нуқтаи назардан Конституциявий суд олдига ҳам янги вазифалар қўйилмоқда. Жумладан, 2025 йил 18 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-253-сон Фармони конституциявий назорат самарадорлигини ошириш, одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда суд фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, рақамли трансформация шароитидаги янги чақириқларга Конституциявий судлар, Омбудсман институтлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик муносиб ҳуқуқий жавоб топишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Айниқса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Конституциявий суд ва Омбудсман институтининг ўрни муҳим. Жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсман ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолангани биз учун алоҳида аҳамиятга эга, деб таъкидлади.
Учрашувда Демократик ва адолатли халқаро тартибни илгари суриш бўйича БМТ Мустақил эксперти, Демокрит университети (Греция) жамоат ҳуқуқи профессори Жорж Катругалос ҳамда Қатар Миллий Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Бош котиби Султан Ҳасан Ал-Жамали учрашув учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Конституциявий суди ваколатига доир савол берилди ва ҳамкорликка оид таклифлар билдирилди.
Учрашув самимий фикр алмашув ва ўзаро ҳамкорликни яхшилашга қаратилган дўстона муҳитда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Матбуот хизмати