Ҳар бир халқ тарихида миллий ғурур ва ифтихор билан эсланадиган унутилмас ва буюк саналар бўлади. Бу йил юртимиз 1991 йилдаги тарихий воқеа – Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганининг 35 йиллик шонли санасини нишонлаш бахтига муяссар бўлиб турибди. Бу давр фуқароларимиз учун ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий давлатчиликни тиклаш ва жаҳон ҳамжамиятида тенг ҳуқуқли субъект сифатида ўз ўрнини топиш борасидаги мураккаб, аммо шарафли зафарнома йўли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-120-сон қарори ушбу қутлуғ санани Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мос юксак даражада нишонлашни таъминлайди. Зеро, мустақиллик халқимизнинг матонати, аждодлар орзуси ва Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги эзгу саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам асосидир.
Бугун Конституциявий судда давлат мукофоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов йиғилганларни Мустақиллик байрами билан табриклаб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли конституциявий ислоҳотлар, қонун устуворлиги, ижтимоий давлат тамойилларини қарор топтириш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгаришлар мамлакатимиз танлаган тараққиёт йўлининг тўғри ва изчил эканини таъкидлади.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросимида Давлат раҳбари инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан халқ билан биргаликда дадил борилаётганини таъкидлади.
Таъкидлаганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги — халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан иродаси ва бунёдкорлик салоҳияти билан босиб ўтилган мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлининг ёрқин ифодасидир. Айниқса, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 22 августдаги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси Абдуманноб Рахимов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди, мукофот ўз эгасига тантанали топширилди.
Шунингдек, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, юртимизда тинчлик-осойишталик, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан конституциявий одил судлов соҳасида самарали меҳнат қилаётган Конституциявий суднинг судьялари ва Девон ходимлари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.


Мукофотланганлар юксак ишонч ва эътироф учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотларни Конституциявий суд судьялари ва ходимларининг масъулиятли фаолиятига кўрсатилган юксак эътибор сифатида қабул қилишларини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Матбуот хизмати