eye
Самарқандда Осиё конституциявий судларининг VII Конгресси бўлиб ўтади

2026 йил 1–2 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг (AACC-ASIA) VII Конгресси бўлиб ўтади. VII Конгресс «Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов» мавзусига бағишланади.   
Дунёнинг 20 дан ортиқ давлатдан келган Конституциявий ва Олий судлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи ҳуқуқшунос олимларни бир майдонга жамлаган мазкур анжуман глобал технологик трансформация шароитида қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматини таъминлашнинг янги механизмларини белгилаб беришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. 
VII Конгресс доирасида қуйидаги долзарб масалалар муҳокама қилинади:

  • рақамли трансформация шароитида судьялар мустақиллиги;
  • инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини рақамли муҳитда таъминлаш;
  • конституциявий назоратда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари ва ҳуқуқий чегаралари;
  • холислик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш;
  • сунъий интеллектдан фойдаланишда процессуал кафолатлар;
  • конституциявий юрисдикциялар ўртасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш.

VII Конгресс якунида замонавий технологик ўзгаришлар шароитида конституциявий одил судловни ривожлантиришга қаратилган Самарқанд декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган. 
Мазкур халқаро анжуман конституциявий одил судловнинг келажаги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сунъий интеллектдан суд соҳасида фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари бўйича халқаро мулоқот учун муҳим майдон бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Конституциявий суди
Матбуот хизмати

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш