eye
Самарқандда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясининг VII Конгресси иш бошлади 2026 йил 1 октябрь, Самарқанд

Бугун Шарқ цивилизацияси чорраҳаси бўлмиш қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясининг «Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов» мавзусига бағишланган нуфузли VII Конгресси ўз ишини бошлади.

Дунёнинг 20 дан ортиқ давлатдан келган Конституциявий ва Олий судлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи ҳуқуқшунос олимларни бир майдонга жамлаган мазкур анжуман глобал технологик трансформация шароитида қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматини таъминлашнинг янги механизмларини белгилаб беришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Анжуманнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конгресс иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда мамлакатимизда амалга оширилаётган суриштирув ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларида инсон ҳуқуқлари ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш энг олий устувор йўналиш экани, рақамли технологиялар даврида конституциявий одил судловни ривожлантириш замон талаби эканлиги алоҳида таъкидланди.

Очилиш маросимида Ассоциация Президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов хорижий делегациялар раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қутлов нутқи билан чиқиш қилди.

 Ассоциациянинг ташкилий-стратегик йиғилишлари

Конгресснинг биринчи куни доирасида Ассоциация Бош котиблари ва Аъзолар кенгашининг мажлислари ўтказилди. Унда ташкилотнинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, 2026–2027 йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, илмий-тадқиқот ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Аъзолар кенгаши йиғилишида Ассоциация аъзолиги географиясини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кейинги раислик масаласи ҳамда нуфузли анжуманнинг бош ҳужжати — Самарқанд декларацияси лойиҳаси муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Рақамли трансформация ва судьялар мустақиллиги

Куннинг иккинчи ярмида ўтказилган I ялпи мажлис «Рақамли трансформация шароитида судьялар мустақиллиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги» мавзусига бағишланди. 
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси             М.Абдусаломов ва Рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов асосий ва махсус маърузалар билан чиқиш қилди.

Шунингдек, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Таиланд, Индонезия, Мьянма, Филиппин, Россия ва Испания юрисдикциялари вакиллари рақамли муҳитда конституциявий назоратни самарали ташкил этиш борасидаги тажрибалари ҳақида маъруза билан иштирок этдилар.

 

Муҳокамаларда судьялар мустақиллигига технологик аралашувларнинг олдини олиш, кибермаконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳамда одил судловга эришишда рақамли ечимларнинг ўрни атрофлича таҳлил қилинди.
Конгресс ўз ишини давом эттирмоқда.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди 

 

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш