Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясининг VII Конгресси иккинчи куни сунъий интеллект ва халқаро ҳамкорликнинг энг долзарб масалаларига бағишланди.
Сунъий интеллект ва конституциявий назорат:
Имконият ва чегаралар
Конгресснинг II ялпи мажлиси «Конституциявий назоратда сунъий интеллект: имкониятлар, ҳуқуқий чегаралар ва процессуал кафолатлар» мавзусида бўлиб ўтди.







Мажлисда Ўзбекистон, Мальдив, Малайзия, Покистон, Фаластин, Таиланд, Қирғизистон, Тожикистон конституциявий назорат органлари раҳбарлари, шунингдек, ЕХҲТ ҳамда Африка конституциявий юрисдикциялари конференцияси вакиллари маъруза қилдилар. Иштирокчилар сунъий интеллект алгоритмларини суд тизимига жорий этишда қарор қабул қилиш ваколати фақат судьяга тегишли бўлиши шартлиги, холислик, шахсий маълумотлар даҳсизлиги ва процессуал кафолатларни таъминлаш зарурлигини бир овоздан эътироф этдилар.

Сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон манфаати ва инсон назоратини устувор сақлаш, ҳуқуқий ва этик чегараларни аниқ белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро ҳамкорлик ва кўп томонлама мулоқот
Тадбир доирасида минтақалараро ва ташкилотлараро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Евроосиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси вакиллари ҳамда Туркий дунё конституциявий юрисдикциялари конференциясининг ишчи йиғилишлари бўлиб ўтди. Унда глобал ва минтақавий таҳдидлар фонида умумий ҳуқуқий ёндашувларни шакллантириш юзасидан келишиб олинди.
Самарқанд декларацияси қабул қилинди
VII Конгресснинг ёпилиш маросимида Анжуманнинг якуний ҳужжати — Самарқанд декларацияси якдил қабул қилингани эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат рақамлаштириш ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган даврда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини конституциявий даражада ҳимоя қилиш, судьялар мустақиллигининг процессуал ва технологик кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги конституциявий назорат органлари ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни мустаҳкамлайди.



Ассоциация Президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов якуний нутқ сўзлаб, Конгресс иши юқори савияда ташкил этилгани ва қабул қилинган Декларация минтақада қонун устуворлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади.
Анжуманнинг расмий дастури ниҳоясига етгач, хорижий делегациялар учун Самарқанднинг бой тарихий ва маданий мероси билан таништирувчи экскурсия ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди