Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари А.Ғафуров бошчилигидаги делегация 2026 йил 19-22 октябрь кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий дунё конституциявий юрисдикциялари конференцияси (TÜRK-AY)нинг «Конституциявий судлар фаолиятида сунъий интеллектнинг роли» мавзусидаги конференциясида иштирок этди.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Туркия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий назорат органлари раҳбарлари, судьяларидан иборат 45 нафар конституциявий одил судлов органларининг вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини Озарбайжон Республикаси Конституциявий суди раиси Ф.Абдуллаев кириш сўзи билан очди. У рақамли трансформация даврида интернет технологиялари узлуксиз ривожланаётганини, сунъий интеллект энди шунчаки технология эмас, балки ҳаётнинг ажралмас қисмига айланганини таъкидлаб, сунъий интеллект келажагининг йўналишини белгилашда ундан оқилона фойдаланиш ва бу борада аниқ чегараларни белгилаш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари А.Ғафуров «Ўзбекистонда конституциявий одил судловни рақамлаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида маъруза қилди.
Маърузада Туркий дунё конституциявий судлари вакилларининг учрашуви мунтазам равишда ўтказилиб, туркий давлатларда демократияни, қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлаётганлиги таъкидланди.
Туркий дунё Конституциявий юрисдикциялари конференциясининг (TÜRK-AY) ташкил этилиши ва институционал ривожланиши институтларимизнинг яқинлашиши учун тарихий векторга айланди. Умумий тарихий илдизлар, маънавий қадриятлар ва ҳуқуқий анъаналарга асосланган ҳолда, туркий дунё мамлакатларининг конституциявий назорат органлари профессионал мулоқот учун ноёб платформага яратилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, маърузада 2026 йил 1-2-октябрь ойида Самарқандда ўтказилган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг 7-конгрессида минтақалараро алоқаларни кенгайтириш ва TÜRK-AY, Осиё конституциявий судлари ассоциацияси (ААCC) ва Евроосиё конституциявий назорат органлар аъзолари ўртасида ўтказилган учрашувларга тўхталиб, ушбу тадбирларда юқори технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилганлиги, судларнинг рақамли трансформацияси ва конституциявий суд ишларини юритишда сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинганлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Маъруза юзасидан бўлиб ўтган мунозараларда сунъий интеллект фақат ёрдамчи восита сифатида ишлатилиши мумкинлиги ва судьянинг ўрнини боса олмаслиги таъкидланди. Алгоритмларнинг шаффофлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш инсон назорати остида бўлиши алоҳида таъкидланди.
Сунъий интеллектдан фойдаланиш инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга оид талабларига қатъий риоя қилиши зарурлиги таъкидланди.
Давра суҳбати иштирокчилари сунъий интеллект конституциявий одил судловда фақат ёрдамчи восита бўлиши, уни қўллаш инсон назорати остида, шаффофлик ва судьялар мустақиллиги принципларига асосланиши, бу соҳада норматив-ҳуқуқий тартибга солишни жадаллаштириш зарурлиги юзасидан яқдил фикр билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси ушбу давра суҳбатидаги иштироки келажакда Конституциявий суд фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этишда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда туркий давлатлар конституциявий судлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.