25 ноябрь куни Конституциявий суд ва Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамиятининг (IRZ) Ўзбекистондаги лойиҳаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги Конституциявий қонун доирасидаги ислоҳотларнинг айрим жиҳатлари” мавзусида гибрид шаклда семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш тартиби, шу жумладан конституциявий шикоятларни ўрганиш, қиёсий таҳлил масалалари, Германия конституциявий судлов тизимидаги тартиб-қоидалар ҳамда конституциявий нормалар ва қонунларни шарҳлаш кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Унда Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамиятининг (IRZ) Ўзбекистондаги лойиҳаси, Германия Федератив Республикаси Штутгард шаҳри Маъмурий суди судьялари, Ўзбекистон Конституциявий суди судьялари, Олий Мажлис палаталари вакиллари ҳамда Конституциявий суд Девони ходимлари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этди.
Жорий йил 14 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун янги таҳрирда эълон қилинди ва кучга кирди. Мазкур Конституциявий қонунда бир қатор янги процессуал нормалар киритилди. Эндиги мақсад янги таҳрирдаги Конституциявий қонун нормаларини амалга татбиқ этиш ҳисобланади. Бунда Қонун нормаларини қўллаш баробарида илғор хорижий тажрибаларни ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Тадбирни Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов кириш сўзи билан очди ва мамлакатимиз қонунчилигига конституциявий шикоят институти 2021 йилда кириб келгани, 2023 йил Янгиланган Конституцияда конституциявий даражада мустаҳкамлангани ҳақида айтди. 2025 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармони Конституциявий суд фаолиятини янги босқичга олиб чиқди ҳамда янги таҳрирдаги Конституциявий суд тўғрисидаги Конституциявий қонунга асос бўлиб хизмат қилди. Хусусан, мамлакатимизда конституциявий адолатни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳамда барқарор ҳимоя қилиш, шунингдек, Конституциявий суднинг институционал салоҳияти, нуфузи ва таъсирчанлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган механизмлар мустаҳкамланди.
Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамиятининг (IRZ) Лойиҳа бўлими раҳбари Франк Хупфельд семинарда модераторлик қилди ҳамда Ўзбекистон Конституциявий суди билан ҳамкорлик йўналишлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Гибрид семинарда Германиянинг Штутгард шаҳри Маъмурий суди раиси профессор Ян Бергман маъруза қилди. Маърузада конституциявий шикоят институти моҳияти, Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш талаблари ва муддатлари, конституциявий нормаларни расмий шарҳлаш, суд қарорларининг мутаносиблиги масалалари ҳақида Германия ва Ўзбекистон қонунчилиги ва амалиёти ҳақида қиёсий-таҳлилий фикрлар билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Конституциявий суди судьяси Абдуманноб Раҳимов “Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг янги даври (Конституциявий суд мисолида)” мавзусида маъруза қилди ва сўнгги йилларда Конституциявий суд фаолиятига оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва суд мажлисларида кўрилган масалалар ҳақида маълумотлар берди.
Тадбир қонун ҳужжатлари нормаларини амалда қўллаш ва ўзаро тажриба алмашишга қаратилганидан келиб чиқиб, фаолиятга доир масалалар юзасидан бир қатор савол ва жавоблар бўлиб ўтди. Тадбир ўзаро дўстона ва эркин мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Бундай ҳамкорлик келгусида илғор хорижий тажрибаларни миллий амалиётга қўллашда фойдали манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди ҳамда Ўзбеекистон Конституциявий суди ва Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамиятининг (IRZ) билан келгуси йилда ҳамкорликни аниқ йўналишларда давом эттиришга келишилди.

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди