eye
Конституциявий суд янгиликлари
ТУРКИЯ БОШ ОМБУДСМАНИ ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИДА
Жорий йилнинг 16 июнь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди ва унда Туркия бош Омбудсмани жаноб Шереф Малкўч бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этдилар. Бош Омбудсман Шереф Малкўч ва унга ҳамроҳлик қилувчи делегация ташриф давомида Ўзбекистонда бир қатор идора ва ташкилотлар раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

2021 йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Туркия Бош Омбудсмани бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Туркия Бош Омбудсмани Шереф Малкўч ва Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар иштирок этдилар.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркия конституциявий судлари ҳамда Омбудсман институти фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мазкур йўналишдаги қонунчиликни ривожлантириш, конституциявий одил судлов масалалари, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга қаратилган фаолият юзасидан фикр алмашинди.  

Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов меҳмонларга мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, Конституциявий суд фаолияти ҳамда 2021 йилнинг 27 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида жаноб Шереф Малкўч Ўзбекистон Конституциявий судига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Конституциявий суд ҳам, Омбудсман институти ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ташкилотлар экани, бу йўналишда ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлиги ҳақида билдириб ўтди. 

Учрашувда ҳар икки давлатлар ўртасидаги алоқалар    давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабат самимий ва юқори ҳамкорлик даражасида эканидан келиб чиқиб, идоралараро муносабатларни ҳам юқори даражаларга олиб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Туркия Республикаси Конституциявий суди  ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичларга олиб чиқиш, бунда инсон ҳуқуқлари, меҳнат мигрантлари масалалари ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалаларда ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш