eye
Конституциявий суд янгиликлари
Қувайт Конституциявий суди раиси, Қувайт Апелляция суди раиси бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув
2021 йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кузатувчиси – Қувайт Конституциявий суди раиси, Қувайт Апелляция суди раиси Мухаммад Жасим бин Нажи Ал-Қинаъий бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов меҳмонларга мамлакатимиздаги катта сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун келганлари учун миннатдорлик билдирди. Маълумки, Қувайт биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган давлатлардан бири бўлиб, ҳар икки мамлакат ўртасида кўп соҳаларда муносабатлар йўлга қўйилган. 

М.Абдусаломов Мухаммад бин Нажи Ал-Қинаъийни иккита муҳим лавозимларга сайлангани билан табриклаб, масъулиятли лавозимида муваффақиятлар тилади.

Ўз навбатида Мухаммад бин Нажи Ал-Қинаъий Ўзбекистон келажаги  учун муҳим бўлган воқелик иштирокчиси бўлгани шарафли экани, сайловлар демократик руҳда ўтиб, сайловда аҳоли фаоллик кўрсатгани, бу эса уларда сайловларга ишонч борлигини кўрсатишини таъкидлади.

Қувайт Конституциявий суди раиси ташкилоти ҳақида маълумотлар бериб, Қувайт Конституциявий суди 1973 йилда ташкил топгани, араб давлатлари ичида биринчилардан бўлиб бундай орган фаолият юритиб яхши эътирофларга эга эканини маълум қилди. Мазкур судда 7 та судья фаолият юритиб, уларнинг номзодини Олий Кенгаш тавсия қилиши, улар эса  Конституцияда ёзилган қоидаларнинг ижросини таъминлашга хизмат қилишини маълум қилди. Шунингдек, парламент қабул қилган қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқади. Қувайт ва Ўзбекистон Конституциявий судлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш фойдали бўлишини таъкидлади.

У мамлакатларимиз ўртасида муносабатлар ривожланиб, бугунги кунга қадар жуда кўплаб битимларга эришилгани, янада ривожланишидан умидворлигини билдирди. Шунингдек, ҳар икки давлатларнинг Конституциявий судлари ўртасидаги муносабатларини ривожлантириш долзарб экани, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун меморандум тузиш  таклифини илгари сурди. Шунингдек, Ўзбекистон Конституциявий суди ходимларини Қувайт давлатига ташриф буюришларини сўраб, расмий таклифномани топширди.   

М.Абдусаломов Мухаммад Ал-Қинаъий таклифи учун миннатдорлик билдириб, ўзаро тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ бўлишини айтди.  Шунингдек, Ўзбекистон Конституциявий суди ҳақида маълумот бериб, мазкур суд органи мустақилликдан кейин ташкил топгани, мамлакатда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлашга хизмат қилишини маълум қилди.

Сўнгги беш йилда республикада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Респубикаси қонунчилигини демократлаштириш шунингдек, Конституциявий суд ва судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим ишлар амалга оширилгани ҳақида батафсил гапириб ўтди.  

2021 йил 27 апрелда конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди.

Қонун билан конституциявий шикоят институти жорий этилди.
Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келади ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий қоидалари ҳақида ҳам фикр алмашилди. Шу ўринда, сайловга оид масалаларни Олий суд ва унинг қуйи   тизимида кўриб чиқилиб ҳал этилишини маълум қилди.

М.Абдусаломов Ўзбекистон Конституциявий суди Осиё давлатлари Конституциявий судлари ва эквивалентлик институтлари Ассоциациясига аъзо экани, бу ташкилот доирасида йилда бир икки маротаба учрашувлар бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш майдони эканлиги тўғрисида маълумотлар бериб, Қувайт Конституциявий суди ҳам мазкур ташкилот билан алоқа боғлаши мақсадга мувофиқ бўлади, деб таъкидлади.  

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қувайт давлатлари Конституциявий судлари ўртасида муносабатларни мустаҳкамловчи ҳуқуқий асос бўлган ҳужжат қабул қилиш таклифини қўллаб-қувватлаб, мазкур ҳужжатда ахборот алмашиш, тажриба алмашишга оид масалаларни акс эттириш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. Ушбу учрашув сабаб Қувайт давлатининг элчиси жаноб Ахмад Холид Ал Жийрон билан танишиб, билдирилган таклифларни дипломатик йўллар орқали ҳал қилиш лозимлиги ҳам билдириб ўтилди.   

Учрашувда шунингдек, Қувайт Конституциявий суди масъул ходими Эйша Ал Бэшир, Қувайтнинг Ўзбекистондаги элчиси Ахмад Холид Ал Жийрон, Қувайтнинг Ўзбекистондаги элчисининг ўринбосари Холид Ал Мутайрат, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва экспертлари иштирок этди.

Учрашув дўстона мулоқот ва ҳурмат муҳитида ўтди.

 

Конституциявий суд Девони

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш