eye
Конституциявий суд янгиликлари
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ШИКОЯТ ИНСТИТУТИНИНГ ФАОЛИЯТИ: НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ МАСАЛАЛАР
2021 йилнинг 1 ва 2 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўйича Немис жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастури билан ҳамкорликда Конституциявий суд судьялари ва ходимлари учун “Конституциявий шикоят институтининг фаолияти: назарий ва амалий жиҳатлари” мавзусида икки кунлик семинар бўлиб ўтди.

Семинарнинг биринчи кунида Ўзбекистон ва Қозоғистонда Халқаро ҳамкорлик бўйича Немис жамияти (GIZ) ваколатхонаси, “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг Ўзбекистондаги раҳбари Кристине Коре-Перконе, Латвия Республикаси Адлия Кенгаши Котибияти раҳбари Алла Спале ҳамда Конституциявий суд судьялари ва девони ходимлари  иштирок этдилар.   

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов ва “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг Ўзбекистондаги раҳбари Кристине Коре-Перконе  кириш сўзи билан очдилар.     

Латвия Республикаси Адлия Кенгаши Котибияти раҳбари Алла Спале “Конституциявий шикоят институтининг фаолияти: назарий ва амалий жиҳатлари” ҳамда “Ахборот материаллари билан танишиш: шахсларнинг Конституциявий судга мурожаати (босқичма-босқич йўриқнома)”  мавзуларида маърузалар қилди. Маърузаларда хорижий тажрибада, хусусан  Латвия мисолида Конституциявий суд фаолияти, конституциявий шикоят институтининг амал қилиш механизми, ҳуқуқий асослари, конституциявий адолат каби мавзулари қамраб олинган.   

2021 йилнинг 2 декабрида “Конституциявий шикоят институтининг фаолияти: назарий ва амалий жиҳатлари” мавзусидаги семинар Конституциявий суд ходимлари учун ташкил этилиб, унда Алла Спале томонидан “Инсон ҳуқуқларини чеклашнинг конституциявийлигини  текшириш” мавзусида маъруза қилинди. Маъруза амалий мисоллар асосида қилиниб, қизғин мунозаралар бўлди.   

Тадбир тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилгани боис мунозара ва мулоҳазалар билдирилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Конституциявий суднинг ролини ошириш, фаолиятни янада ривожлантиришга оид таклифлар ва фикрлар асосида бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Девони

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш