eye
ИНДОНЕЗИЯ РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ТАШРИФИ
2021 йилнинг 17-22 декабрь кунлари Индонезия Республикаси Конституциявий суди делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи амалга оширилмоқда.

2021 йилнинг 20 декабрида Ўзбекистон Республикаси  Конституциявий судида мамлакатимизда бўлиб турган Индонезия Республикаси Конституциявий суди делегацияси раҳбари Асванто бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида ташриф буюрган меҳмонларни Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. Мамлакатимизда охирги йилларда конституциявий одил судловни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонунга батафсил тўхталиб, Қонун билан конституциявий суд ишларини юритиш янада  демократлаштирилганлиги, конституциявий назорат самарадорлиги оширилгани, шунингдек биринчи мартда конституциявий шикоят институти жорий этилгани ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирги кунда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаатлар бўлаётгани ҳақида айтиб ўтилди. 

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келиши ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилиши ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.

Учрашувда Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси фаолияти доирасида Ўзбекистон Конституциявий судининг иштироки масаласи ҳақида ҳам фикр алмашинди.    

Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Мўғулистон, Филиппин Республикаси, Тайланд Қироллиги ва Ўзбекистон Республикаси томонидан 2010 йил 12 июлда Жакартада ташкил этилган. Ҳозирги кунда Ассоциация аъзоларининг сони 20 тани ташкил этади. Aссоциация Осиё мамлакатлари конституциявий судлари ва эквивалент институтларининг мустақил, сиёсий бўлмаган минтақавий ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига берилиши масаласи Индонезия делегацияси томонидан қўллаб-қувватланди.

Эътироф этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик вазифасини ўз зиммасига олиши Ўзбекистон Республикаси конституциявий судининг ташкилотга аъзо мамлакатлар судлари ичида нуфузини оширади. Конституциявий одил судловни амалга оширишга оид ахборот алмашиш яхши йўлга қўйилади. Ривожланган мамлакатлар конституциявий судларининг илғор тажрибасини мамлакатимизда конституциявий одил судлов фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш ва хорижий мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Индонезия Республикаси Конституциявий суди делегациясининг  Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судида икки томонлама тажриба алмашув учрашувлари бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш