eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ
2022 йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, судьялар А.Ғафуров, Ф.Каюмов, С.Кошаева, Б.Мирбобоев, Г.Пиржанов ва К.Улжаевдан иборат таркибда, катта эксперт К.Хамидованинг котиблигида, фуқаро М.Хасанованинг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 197 ва 206-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй–жой кодекси 11 ва 27-моддалари нормалари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган деб ҳисоблаб, уларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикояти кўриб чиқилди.

Суд мажлисида фуқаро М.Хасанова ва унинг адвокати Ф.Акрамов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирок этди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2022 йил 31 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-683-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни 55-моддасининг 12-бандидаги Фуқаролик кодексининг 83, 166, 198, 199 ва 206-моддаларига тегишли қисми ҳамда Фуқаролик кодекси 197-моддасининг мулк ҳуқуқи “... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади”, деган қисми Конституцияга мувофиқ эмас деб топилди. 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш