eye
Конституциявий ислоҳотлар: Янги Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг “мувозанат ва тийиб туриш” тизими қандай бўлади
Бугун “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш бутун халқимизнинг эзгу мақсадига айланган десак муболаға бўлмайди. Ушбу эзгу мақсад Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, яъни, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишни долзарб вазифа сифатида кун тартибига олиб чиқди. Чунки, “Янги Ўзбекистон” давлатининг ҳуқуқий пойдевори аввало мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилиши керак. Таъбир жоиз бўлса, бу шунчаки зарурат эмас, балки, мамлакатимизда бошланган буюк ўзгаришлар даври - учинчи Ренесанс пойдеворининг барпо этишни муҳим шартидир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - конституциявий бўлиниши принципига асосан бирон бир давлат ҳокимияти янгитдан шакллантирилаётганда фақат битта ҳокимият тармоғига боғлиқ бўлиб қолинишига йўл қўймайди. Шу сабабли, Конституцияга мувофиқ, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда Президент ҳам, Парламент ҳам, ёки унинг битта палатаси иштирок этади. Бунга икки йўл билан эришилади: ё Президент маълум мансабдор шахсларни тайинлайди, парламент эса тасдиқлайди, ёки парламент тайинлайди Президент эса, номзодни таклиф қилади.

Конституцияда Олий Мажлис билан муносабатларда Президентга ушбу давлат ҳокимиятининг фаолияти билан боғлиқ бир қатор ваколатлар юкланган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конститцуциясининг 86-моддасига биноан, Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан сайланади. Шунингдек, Конституцияда белгиланган ҳолларда ва тартибда Олий Мажлисни тарқатиб юборади. Президент ушбу ваколатдан мамлакат тинчлиги ва давлат ҳокимияти органлари ўзаро муносабатларига таҳдид соладиган зиддиятлар вужудга келганда, давлат бошқаруви боши берк кўчага кириб қолганда уни ҳал қилишнинг ҳуқуқий воситаси сифатида фойдаланади. 

Кўплаб мамлакатларда бўлгани каби, бизда ҳам  Президент ва парламент тенг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Давлат бошлиғи қонун лойиҳаларини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритиши мумкин. Қонунни фақат Олий Мажлис қабул қилади. Сенат қонунни маъқуллайди. Президент эса, қонунларни ижросини таъминлаш мақсадида қонун ости ҳужжатларини қабул қилади. Шу билан бирга, қонун қабул қилингандан сўнг, у Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилиши мумкин. Aммо қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам Президент ва Парламент фаолияти ўртасида яқин муносабатлар мавжуд, чунки, агар қонун Олий Мажлис томонидан қабул қилинса ва Сенат томонидан мақулланса, у Президентга юборилади. Президент бир ой муддатда Қонунни имзолайди ва эълон қилади. Агар бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлат бошлиғи ўз ваколати доирасида Қонун қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмасада, бироқ, Қонунлар қабул қилиш жараёнида Олий Мажлис фаолиятига кучли таъсир ўтказиш воситасига эга. Бу Давлат бошлиғининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи институтидир. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси, 7-банди мазмунида Президент мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Давлат бошлиғи Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар якунларини сарҳисоб қилади. Шуни ҳисобга олиб, келажакда давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинади. Шунингдек, Мурожаатда Ўзбекистон Президентининг давлат ҳокимияти органлари ва жамоат бирлашмаларининг кейинги фаолиятига оид позицияси акс эттирилади. Демак, Ўзбекистон Республикаси Президенти парламентга қайси йўналишда ишлаш керак, қандай қонунлар қабул қилиш зарурлиги тўрисида “ишора қилади”. 

Давлат бошлиғининг парламент қонун ижодкорлиги жараёнида иштирок этишининг яна бир асосий шакли унинг қонунижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширишидир. Парламент қонун ижодкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунларни қабул қилиш ва уларни юридик кучга эга бўлиш тартиб-тамоилларида иштирок этади. Аммо унинг бундай иштирокини билвосита деб айтиш тўғри бўлади. Чунки, Президент қонунларни қабул қилмайди. Албатта, бу унинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокига “соя солади” дегани эмас.

Парламент қонун ижодкорлиги жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари муҳим аҳамиятга эгалиги шундаки, унинг иштирокисиз, таъбир жоиз бўлса “битта имзосиз” бирон бир қонун юридик кучга эга бўлмайди. Қолаверса, Президент шундай ваколатга эгаки, лозим топса, қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли (Конституциянинг 93-моддаси, 17-банди). Аслида, Конституция билан берилган Президентнинг ушбу ваколати унинг парламент қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини бир шакли деб қараш ўринли бўлади. Лекин, бу ерда бошқа бир масала ҳам бор. Масалан, Президент парламент томонидан имзолаш учун юборилган қонунни битта нормаси юзасидан ўз эътирозини билдирса, бутун бир қонунни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Олий Мажлисга қайтаришга мажбур бўлади. Чунки, унга бошқа йўл қолдирилмаган. Эҳтимол, бундай ҳолатларда ўзаро маслаҳатлашув институтидан фойдаланиш механизмини жорий қилиш керакдир? Айтмоқчимизки, Президент эътирозлари билан Олий Мажлисга қайтарилган қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқуллаш жараёнигача олиб бормаслик керак. Тўғри, бу конституциявий норма белгиланиши керак. Бироқ, бу амалиётни амалда қўллашга эхтиёж қолмаса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, бунда амалиётни қўлланилиши Парламент ва Президентнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ўзаро муносабатларига “совуқлик” туширади. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди деб ўйлаймиз.

Яна бир таклиф. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи ҳисобланади. Бироқ шунга қарамасдан Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.

Президент давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан бундай ваколатга эга бўлиши керак, албатта. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қарорни қандай ва қайси тартибда қабул қилиши аниқлаштирилмаган.

Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисни Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига кўриб чиқиш учун киритилиши керак. Агар, Президент қарори Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топилса, уни расмий матбуотда эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96-моддасини қуйидаги таҳрирда бериш таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 96-модда: “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига ўтади, бунда уч ой муддат ичида, қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини вақтинча бажарувчи уч ой муддат ичида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзод сифатида иштирок этмайди”.

Албатта, юқоридагилар бизнинг шахсий фикр-мулоҳазаларимиз бўлиб, уларни Конституциявий комиссия томонидан ўрганиб чиқишни таклиф қиламиз.

 

Абдуманноб Рахимов, Ўзбекистон Республикаси 
Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси
 мустақил изланувчи доктoранти 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш