eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Асосий мақсад - инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини конституциявий даражада мустаҳкамлашдир
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда бугунги амалиётни чуқур таҳлилларидан хулоса қилар эканлар, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганлигига алоҳида эътиборимизни қаратдилар.

Кўпчилик учун оддий бўлиб кўринган бу амалиёт, аслида фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркаинликларига бевосита тегишли масала ҳисобланади.

Дарҳақиқат, давлат бошлиғи таъкидлаганларидек, “... гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади”. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Президентимиз кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозимлигини ва шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шартлиги, ушбу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келганлигини айтиб ўтдилар. 

Ўзи “Миранда қоидаси” деганда нима тушунилади. Кўпчиликда бундай саволни пайдо бўлиши табиий, албатта. Келинг, гапни дастлаб шундан бошлайлик. 

Ўтган XX асрда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасида олиб борилган ҳаракатлар самараси ўлароқ, дунёда демократиянинг энг муҳим негизи — инсон ҳуқуқи ва эркинлигини олий қадрият сифатида эътироф этадиган, унинг ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маълум бир мамлакат, минтақа ва халқаро миқёсда амал қилувчи кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилинишига туртки берди. 

Биз юқорида номини қайд этган “Миранда қоидаси” ўтган асрнинг ўрталарида АҚШда яшаган (жиноят оламининг вакили) Эрнест Артуро Миранда номи билан боғлиқдир. Ахир, Миранда ўзи ашаддий жиноятчи бўлган бўлса, унинг инсоният учун хизмат қиладиган қандай қоидаси бўлиши мумкин, деб айтишингиз мумкин. Бироқ, хулоса қилишга шошилманг. Масалага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, халқимизни “бир ёмоннинг бир яхшиси ҳам бўлади”, деган нақли бежиз айтилмаганлигига амин бўласиз.  

Умуман дунё амалиётида, инсон ҳуқуқларига оид дунё мамлакатлари қонунчилиги ривожланишининг эътиборли жиҳати шундаки, инсон ҳуқуқлари бўйича айрим нормалар дастлаб миллий ҳуқуқда пайдо бўлиб, сўнгра халқаро-ҳуқуқий нормалар ва стандартларга айланган.

Англо-саксон ҳуқуқ оиласининг муҳим институтларидан бири бўлган “Хабеас корпус акт” ҳам дастлаб миллий ҳуқуқда пайдо бўлиб, сўнгра халқаро даражада умумэътироф этилган ҳужжат сифатида тан олинган инсон ҳуқуқ­ларини суд орқали ҳимоя қилишга оид жаҳон мамлакатлари қонунчилигининг фундаментал асосини ташкил этиши билан бирга ушбу соҳа ривожи йўлида ўзига хос янги даврга асос солган.

Шунинг учун ҳам  Ўзбекистон Республикасининг Президенти юқорида номи қайд этилган мажлисда “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарурлигига ҳам алоҳида эътиборимизни қаратганлари бежиз эмас эди.

Бизнингча,  “Миранда қоидаси” ҳақида тўлиқ тассавурга эга бўлиш учун “Хабеас корпус” институтига қисқача тўхталиб ўтиш керак бўлади.

“Хабеас корпус” ўз номини судьянинг озодликдан маҳрум этилган шахсни судга олиб келиш тўғрисидаги буйруғининг биринчи сўзларидан олинган бўлиб, “Habeas corpus ad subjicien­dum”, яъни (сен шахсни судга олиб келишга мажбурсан), деган маънони англатади. Бу тартибот ХV асрлардаёқ пайдо бўлган ва 1679 йил 26 майда Англия парламенти томонидан қонуний расмийлаштирилган. Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат дунёнинг барча нуқталарида, энг аввало, англо-саксон ҳуқуқ тизимида ва Лотин Америкаси мамлакатларида эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг конституциявий кафолати сифатида кенг тарқалган.

Шу маънода, “Хабеас корпус” институти сингари “Миранда қоидаси” ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида курашлар тарихида ўзига хос из қолдирган, инсон ҳуқуқларига оид миллий жиноят-процессуал қонунчилиги ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг муҳим нормаларидан бири ҳисобланади.

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин”.

Бу машҳур ибора бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган Эрнест Артуро Миранда исмли АҚШ фуқаросининг номи билан боғлиқ.

Гап шундаки, 1966 йили бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрорлик кўрсатувларини берган, бундай кўрсатувлардан эса унинг иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган. Кейинчалик суднинг бу ҳукми Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган.

Нега деганда, АҚШ Конституциясининг 5 ва 6-қўшимчаларида ҳеч ким жиноий ишларда ўзига ўзи қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиниши; ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай ҳаёти, эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, у ўзига қарши кўрсатув бераётган гувоҳлар билан юзма-юз учрашиши, ўзи томонидан гувоҳларни мажбуран келтириш ёки ўз ҳимояси учун адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган эди. Шундан буён “Миранда қоидаси” дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига қуйидаги ҳуқуқлари тушунтирилишини кафолатлади:

“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз адвокат билан давлат томонидан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”

Шуни айтиш керакки, “Миранда қоидаси” бугунги кунда барча давлатлар Конституцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгиланган. Яна бир жиҳати шундаки, “Миранда қоидаси” турли давлатлар қонунчилигида турли хилда ўз ифодасини топган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президенти айтиб ўтган қуйидаги устувор йўналишларни, яъни инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласини конституциявий даражада янада мустаҳкамлашдан иборат.

 

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди 

девони раҳбари, 

юридик фанлар номзоди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш