eye
Конституциявий суд янгиликлари
Конституциявий одил судловни таъминлаш ва такомиллаштириш йўлида...
Бугун Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар фуқаронинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни, фуқаро ва давлат органлари ўртасидаги муносабатлар, давлат бошқаруви ҳамда нодавлат сектор фаолиятининг конституциявий асосларини кучайтириш каби фундаментал масалаларга эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Асосий қонунни такомиллаштиришга қаратилган ўз маърузасида тўртта устувор йўналишга эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича таклифларини айтди. Бу таклифлар ғояси ва мақсади жиҳатидан «инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи»га қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди конституциявий орган сифатида унинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108 ва 109-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунда мустаҳкамланган.

2021 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди учун алоҳида йил бўлди. 2021 йил 27 апрелда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги янги Конституциявий қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини, шунингдек, Конституциявий суднинг мустақиллигини оширишга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган. Қонун билан конституциявий шикоят институти жорий этилди. Мазкур институтнинг моҳияти шундаки, фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Конституцияга мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамланган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ишончли кафолатлашга хизмат қилади. Шунингдек, Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга субъектлар доираси кенгайди.

Бу ҳақда Президент Ш.Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқида: “...Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Мазкур суд бошқа судлардан фарқли ўлароқ, фақат Конституцияга бўйсунади ҳамда Асосий қонуннинг устунлиги принципини таъминлайди. Конституциявий суд қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимият чиқарган ҳужжатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принцип ҳамда Конституция нормаларига амал қилинишига эътибор қаратади. Конституциямизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш мақсадга мувофиқ», деб таъкидлади.

Конституциявий суд фаолиятининг асосий йўналиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарори, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари Конституцияга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиб, таҳлил қилинади.

Фуқаролар ва юридик шахсларга конституциявий одил судлов органига бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши Конституциявий судга мурожаатлар ҳажмининг ошишига сабаб бўлди. Хусусан, 2021 йилда Конституциявий судга келиб тушган жами мурожаатларнинг Конституциявий суд ваколатига тааллуқлилари ўрта ҳисобда 16 фоизни ташкил қилади. Улар Қонунга биноан кўриб чиқилиб, қолган бошқа мурожаатлар тааллуқлилигига кўра мурожаатлар муаллифларига асослантирилган тушунтиришлар бериб, тегишли ташкилотларга юборилди.

Юборилаётган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Конституциявий судга мурожаатлар кўп ҳолларда Конституция, қонунлар нормаларидан ташқари қонуности ҳужжатлари юзасидан, шунингдек умумий юрисдикция судларида кўрилган ишларда қабул қилинган қарорларнинг Конституцияга мувофиқлиги, қонунийлиги юзасидан келиб тушмоқда.

Бу каби мурожаатларни кўриб мазмунан ҳал этишга қонунга мувофиқ Конституциявий суд ваколатли эмас ва шу сабабли ваколатларни кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Бугунги конституциявий ислоҳотлар давлат органларининг янада фаолроқ бўлиши, ваколатларининг қайта кўриб чиқилиши, уларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ролини оширишга қаратилган мақсадлар эканлигини ҳисобга олсак, давлат органлари тизимида Конституциявий суд ваколатларини қайта кўриб чиқиш зарур.

Бунда фуқаролар ва юридик шахсларга қонуности ҳужжатлари юзасидан ҳам конституциявий шикоят билан мурожаат қилиш имконини бериш вақти келди.

Шу каби фикрлар ҳуқуқшунос олимлар томонидан ҳам кўтарилмоқда. Жумладан, И.Ҳамедов конституциявий ислоҳотларга қаратилган ўз мақоласида»... суд ҳокимияти органларининг ҳужжатлари ҳам худди ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари ҳужжатлари каби конституциявий назорат остида бўлиши керак. ...Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари тажрибасини ўрганиш ва Конституциявий судга суд ҳужжатлари устидан конституциявий назорат функцияси билан боғлиқ ваколатни бериш зарур, деб ҳисоблайман» мазмунидаги таклифларини баён қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар», деб белгиланган.

Фуқароларнинг сиёсий партияларга бирлашиш ҳуқуқини ҳамда сиёсий партияларнинг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонуни 9, 10, 11-моддаларига кўра сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан, сиёсий партиянинг фаолиятини маълум муддатга тўхтатиб туриш ва сиёсий партиянинг фаолиятини тугатишга оид масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

Сиёсий партия фуқароларнинг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилиб, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмадир. Таркибида минглаб, балки миллионлаб инсонларни бирлаштириб, ўз электорати учун, давлат ривожи учун ривожланиш йўналишларини таклиф этадиган, вакиллари орқали парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятида иштирок этишидан келиб чиқиб қарасак, юқорида келтирилган масалалар бўйича ҳал қилувчи қарорни қабул қилиш ваколатини Конституциявий судга бериш муҳим, деб ҳисоблаймиз ва бу мазмундаги норма конституциявий норма бўлиши таклиф этилади.

У ёки бу иш юзасидан суд томонидан қарор қабул қилинар экан, бу ишнинг ярмидир, сабаби, қарор ижроси таъминлангачгина иш якуний натижасига етган ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Конституциявий суд қарорларининг бажарилиши мажбурий эканлиги ва ижро этилмаганлиги юзасидан жавобгарлик белгиланиши ҳақидаги нормани мустаҳкамлаш лозим. Чунки қарор қабул қилиниб, у ижро этилмаса ва бу ижро қилинмаганлик ҳолати бўйича жавобгарлик белгиланмаса, ҳуқуқий таъсир чоралари ҳамда қарор ижроси учун масъулият очиқ қолади.

Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.  Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар" деб белгиланган.

Конституциянинг 112-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар" деб, 118-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади» тарзида баён қилинган.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси Конституция ва қонунларни алоҳида ҳужжат сифатида белгилаган.

Агар процессуал қонунчиликни кўрадиган бўлсак, Фуқаролик процессуал кодекси 14-моддаси, Жиноят-процессуал кодекси 11-моддаси, Иқтисодий процессуал кодекси 13-моддаси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 15-моддасида «Судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этишлари» талаб сифатида мустаҳкамланган.

Юқорида келтирилганлардан хулоса қиладиган бўлсак,Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига ундаги 112 ва 118-моддалари қисман мувофиқ эмас. Мазкур конституциявий нормаларни ҳамда амалдаги қонунчиликни бир хиллаштириш, 112 ва 118-моддаларга – суд тизими ва прокуратура тизими аввало Конституция ва қонунларга асосланиб иш олиб боришларини мустаҳкамлаш керак.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги конституциявий ислоҳотлар жараёнида ёшлар, турли соҳа мутахассислари, олимлар, умуман, барча фуқаролар томонидан ҳар куни берилаётган минглаб таклифлар Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: “...Барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим».

Келтирилган фикрлар бугунги конституциявий ислоҳотлар жараёнида ҳуқуқий замин, масалага қонуний ва мантиқий ечим ҳамда конституциявий асослар бўлиши назарда тутилган ҳолда билдирилди.

Камола Ҳамидова,
Тошкент давлат юридик университети
Мустақил изланувчи докторанти

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш