eye
Конституциявий суд янгиликлари
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкалашга хизмат қилиши шубҳасиз
Бугун бутун дунё жамоатчилигининг диққати Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнига, аниқроғи Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қаратилган десак муболаға бўлмайди.

Конституциявий ислоҳотларнинг олий мақсади, аввало инсон қадрини улуғлаш, шунингдек, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг судлар томонидан муносиб ҳимоя қилиш механизмларини янада такомилаштиришдан иборатдир. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда такрор ва такрор таъкидланаётгани бежиз эмас. Чунки, ҳар қандай мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, энг аввало, суд ҳокимияти мустаққиллигини таъминлашдан бошланади. Яъни, ҳуқуқий демократик давлатда инсон, унинг қадри, шаъни ва обрўси фақат судлар томонидан ҳимоя қилинади. Суднинг қарорисиз ҳеч ким қонунда белгиланган ҳуқуқларидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўзининг алоҳида ўрнига эга. Чунки, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Ушбу ваколат, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш заруратини кун тартибига олиб чиқади.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси давом этаётган бир палла, айрим таклифлар билан ўртоқлашишни зарур деб ҳисоблаймиз.

Ушбу таклифларимиз асосан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддасига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

Биринчи таклиф: Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларини Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатига эга экан, демак уни сайловлар асосида шакллантириш тартиби бекор қилиниши керак. Келгусида, Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан беш нафарини тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатига ва 4 нафар судьяни тайинлаш ваколати эса, Олий Мажлисга берилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда, кўпчиликда нима учун деган савол пайдо бўлиши табиий, албатта. Бизнингча, юқоридаги конституциявий нормадан кўриниб турибдики, қонун чиқарувчи ҳокимият ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди. Демак, Конституциявий судни сайлашда, яъни судяликка номзодлар тақдим этиш ваколатига қонун чиқарувчи ҳокимият ҳам эга бўлиши зарур. Бу давлат ҳокимияти тармоқларини ўзаро мувозанатда сақлаш ва бир-бирини тийиб туриш принципига тўлиқ мувофиқ бўлади.

Иккинчи таклиф. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этиш амалиётини жорий этиш керак. Бунда Конституциявий суд раисининг ўринбосари номзоди албатта, Олий Мажлис тақдим этган номзодлар орасидан бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Конституциявий судни сайлаш билан боғлиқ бундай амалиёт дунё тажрибасида бор. Масалан, Германия Федератив Республикасининг Асосий Қонуни 94-моддасида Федераль конституциявий суд федераль ва бошқа аъзолардан ташкил топиши. Федераль конституциявий суд тенглик асосида Бундестаг ва Бундесрат томонидан сайланиши. Улар на Бундестаг, на Бундесрат, на Федераль ҳукумат, на тегишли ерлар органларига аъзо бўлмаслиги керак. ГФР Федераль конституциявий суди 16 кишидан иборат.

Шунингдек, “Козоғистон Республикасининг Конституциявий Кенгаши тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 3-моддасида Конституциявий Кенгаш раиси республика Президенти томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади. 

Конституциявий Кенгашнинг икки нафар аъзоси Республика Президенти томонидан лавозимига тайинланади. Икки нафардан аъзони тегишлича Парламент палаталари Сенат ва Парламент Мажлиси раислари тақдимига асосан тайинланади. Конституциявий Кенгаш аъзоларининг ярми ҳар уч йилда янгиланиб борилади.

Белорусь Республикасининг 2006 йил 29 июнда қабул қилинган Белорусь Республикасининг суд тузилиши ва судьялар мақоми Кодексини 20-моддасида Белорусь Республикасининг Конституциявий судини ташкил этиш тартиби белгиланган бўлиб, унга мувофиқ олтита судья Беларусь Республикаси Президенти томонидан, яна олтита судья Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Кенгаши томонидан тайинланади.

Конституциявий суд фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бу унинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига биноан Конституциявий суд қонунчилик ташаббусига эга бўлиб, бу ҳуқуқ қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширади. Маълумки, судлар ҳуқуқ соҳасидаги низоларни ҳал қилишар экан, бунда улар ижтимоий ҳаётнинг тегишли соҳасида мавжуд ҳуқуқий бўшликлар, ҳуқуқий тартибга солишдаги камчиликларни аниқлаш бўйича кенг имкониятларга эгадирлар. Шу маънода уларга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг берилиши қонун ижодкорлиги жараёни ва ҳуқуқий тартибга солишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган, десак хато бўлмайди. Таъкидлаш жоизки, аксарият хорижий давлатларда судлар бундай ҳуқуққа эга эмас. Фақат, Россия федерацияси, Тожикистон ва Қирғиз Республикаларининг қонунчилигида суд ҳокимияти олий органларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи белгиланган. Бироқ, Қирғиз Республикасида бундай ҳуқуққа Конституциявий суд эга эмас. Айни пайтда, ушбу давлатларда суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи унинг ваколат доираси билан чегаралаб қўйилганлигини ҳам қайд этиш лозим.

Ўрни келганда таъкидлашни истар эдикки, Қирғиз Республикаси Конституциявий судни қонунчилик ташаббусига эга эмаслиги кўпчилик Европа мамлакатлари қонунчилигига мос келади. Чунки, айрим хорижлик ҳуқуқшунослар Конституциявий суд томонидан парламентга қонунлар лойиҳаларини қонунчилик ташаббуси асосида киритилиши унинг ҳуқуқий табиатига тўғри келмайди. Ахир қонунларни Конституцияга мувофиқлиги аниқлаш ваколатига эга бўлган орган қандай қилиб қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиши мумкин, деган иддаони илгари сурадилар.  Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасининг бирон бир нормасини озроқ муддат ўтгандан кейин, Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ҳақидаги ишни кўриб чиқмайди, деб ким кафолат беради. Айнан шу нуқтаи назардан олганда, кўпчилик мамлакатларда Конституциявий судга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини берилмаслиги тўғри бўлган. Келгусида, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Учинчи таклиф. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ваколат муддати беш йил. Демак ҳар беш йилда парламент сайловлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўтказиб борилади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кейинги вақтларда айрим мамлакатларда бўлиб ўтган парламент ва президент сайловлари, озчилик томонидан бўлсада, (сиёсий партиялар вакиллари ва мухолифат) Конституцияга номувофиқ тарзда бўлиб ўтди, деган иддаолар қилинмоқда. Келгусида бу каби эътирозларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги ҳақида хулоса бериш Конституциявий суд ваколатига берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай амалиёт дунёнинг аксарият мамлакатлари қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бунга Молдова, Грузия ва бошқа давлатларнинг тажрибаси мисол бўла олади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўтказилаётган Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби экан, демак бунда, суд ҳокимиятининг фаолиятини янада такомиллаштириш зарур бўлади. Бу эса, келгусида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Президенти ҳузуридаги 

Давлат бошқаруви академияси 

мустақил изланувчи доктаранти, 

юридик фанлар номзоди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш