eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ НАЗОРАТ ЭВОЛЮЦИЯСИ ВА РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ
2022 йил 26 август куни Нур-Султон ва Олма-ота шаҳарларида Қозоғистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан ташкил этилган “Давлат ва жамият ўзгариши шароитида конституциявий назорат эволюцияси” халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Халқаро давра суҳбати Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди ташаббуси билан ташкил этилди. Жорий йил 5 июнь куни Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган умумхалқ референдуми натижалари асосида  амалга оширилган конституциявий ислоҳотларнинг бир йўналиши сифатида Конституциявий кенгашни Конституциявий суд сифатида қайта ташкил этиш вазифаси қўйилиши ҳамда “Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланаётгани сабабли мазкур халқаро давра суҳбати тажриба алмашиш ва фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини муҳокама қилишга қаратилди.

Халқаро давра суҳбати учта сессиядан иборат бўлиб, унда Конституциявий шикоят: моделлар ва ҳуқуқий тартибга солиш, Конституциявий судлов ҳамда Конституциявий назорат органлари қарорларининг ижроси мавзуларида сессия ишлари кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

“Конституциявий шикоят: моделлар ва ҳуқуқий тартибга солиш” деб номланган биринчи сессияда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов“Ўзбекистонда конституциявий шикоят институти: биринчи қадамлар ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида маъруза билан иштирок этди. Маърузада бугунги кунда Давлат раҳбари ташаббуси билан ҳамда янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси асосида  конституциявий ислоҳотлар олиб борилаётгани, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолият юритишида Асосий қонуннинг ўрни ва роли, Конституциявий комиссия тузилиб фуқароларнинг минглаб таклифларини ўрганиб чиқиб, лойиҳага киритаётгани, бунда бош ғоя сифатида “инсон-жамият-давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” эканига таяниб иш олиб борилаётгани ҳақида давра суҳбати иштирокчиларига маълумотлар берилди.

2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонунга батафсил тўхталиб, Қонун билан конституциявий суд ишларини юритиш янада  демократлаштирилганлиги, конституциявий назорат самарадорлиги оширилгани, шунингдек биринчи мартда конституциявий шикоят институти жорий этилгани ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирги кунда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаатлар бўлиб уларнинг сони ошгани ҳақида маълумотлар берилди.Шунингдек, Конституциявий судга масала киитиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар сони оширилгани, бу субъектлар инсон ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган органлар эканига эътибор қаратилди. Янги Конституциявий қонунни қўллаш амалиёти бўйича фикрлар алмашилди.

Халқаро давра суҳбатида мезбон Қозоғистон вакилларидан ташқари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Германия, Хорватия,  Корея Республикалари вакиллари ҳамда Европа Иттифоқи, Венециан комиссияси, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам маъруза билан иштирок этиб, тадбир том маънода тажриба алмашиш майдонига айланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Марказий Осиё ва Европа давлатлари Конституциявий судлари вакиллари иштирокида ташкил этилган ҳамда қизғин муҳокама ва фикр алмашиш асосида бўлиб ўтган тадбир  келгусида ўз самараларини бериши, ҳамкорлик алоқаларини кучайтириши ва ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.

 

                                                                                           

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш