eye
ДУНЁ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДЛАРИ КОНГРЕССИДА ТИНЧЛИК ВА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ОДИЛ СУДЛОВ МАВЗУСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Индонезия Республикаси Конституциявий судининг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси М.Абдусаломов раҳбарлигидаги делегация жорий йилнинг 4-7 октябрь кунлари Индонезия Республикасининг Бали шаҳрида бўлиб ўтган “Конституциявий одил судлов ва тинчлик” мавзусидаги Конституциявий одил судлов бўйича 5-Бутунжаҳон Конгрессида иштирок этди.

Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси 2011 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда 112 мамлакатнинг конституциявий назорат органларини бирлаштиради ҳамда конституциявий одил судлов соҳасидаги энг юқори даражадаги анжуман ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ушбу халқаро ташкилотга 2013 йилда аъзо бўлган.

Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси мустақил, сиёсий бўлмаган халқаро ташкилот ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида у конституциявий одил судловни амалга оширувчи органлар ўртасида тажриба алмашиш майдони бўлиб келмоқда. Навбатдаги  Конституциявий одил судлов бўйича бутунжаҳон конференцияси -5-Бутунжаҳон Конгресс ўн икки йиллик танаффусдан сўнг ўзида жами 119 мамлакатдан, офлайн иштирок этган 94 давлатнинг 583 нафар вакилларини жамлади. Унда конституциявий назорат органлари раҳбарлари ва ходимлари, Венеция комиссияси (қонун орқали демократия учун Европа комиссияси), халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.      

Конгресснинг расмий очилиш маросимида Индонезия Республикасининг Президенти Джоко Видодо жаноблари иштирок этиб, 5-Бутунжаҳон Конгресси иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, мазкур халқаро анжуман конституциявий одил судлов соҳасидаги муҳим тадбир эканлигини таъкидлаб ўтди.   

Конференциянинг асосий мақсади барча мамлакатлар конституциявий судлари томонидан конституциявий назоратни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги соҳаларида ташкилот аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришдир.   

Конференция ўз ишини бир нечта сессияларда ташкил этиб, ҳар бир қитьалар Конгресс кун тартибига қўйилган мавзу юзасидан йиғилишлар олиб борилди. 5-Бутунжаҳон Конгрессда делегация раҳбарлари томонидан ўз мамлакатларида конституциявий одил судлов соҳасидаги бўлиб ўтган сўнгги муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди. Тадбирда ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларни муҳокама қилиш, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси ва конституциявий-ҳуқуқий масалаларга ихтисослашган бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам  кўриб чиқилди. 

Конференция ишида Ўзбекистон Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов “Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар: конституциявий назорат ривожланишининг янги босқичи” мавзусида маъруза қилди. Унда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши, шунингдек, конституциявий одил судловни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида анжуман иштирокчиларига маълумотлар берди.

5-Бутунжаҳон Конгресси доирасида Осиё конституциявий судлари ва унга тенглаштирилган институтларига аъзо мамлакатлар Конституциявий судлари Бош котиблари иштирокида “Тинчлик, сайлов ва демократия” мавзусида халқаро симпозиуми ҳам ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди катта эксперти Ш.Исакулов  “Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар” мавзусида маъруза қилди. 

Осиё конституциявий судлари ва унга тенглаштирилган институтлар Ассоциацияси 2010 йил 12 июлда Жакартада Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Мўғулистон, Филиппин Республикаси, Тайланд Қироллиги ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ташкил этилган.

Осиё мамлакатлари конституциявий судлари ва эквивалент институтларининг мустақил, сиёсий бўлмаган минтақавий ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ассоциация аъзоларининг сони 20 давлатдан иборат.

Халқаро симпозиумда вакиллар ўз мамлакатларида конституциявий одил судлов соҳасидаги бўлиб ўтган сўнгги муҳим ўзгаришлар ҳақида ахборот алмашиш, конституциявий одил судловни тарғиб қилиш, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича одил суд амалиётини жорий қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда конституциявий судлар ўртасида глобал миқёсда мулоқотни осонлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси 5-Бутунжаҳон Конгресс ишида, Осиё конституциявий судлари ва унга тенглаштирилган институтлар Ассоциацияси, қитьалараро сессиялар ва ташкил этилган барча йиғилишларда муносиб иштирок этиш, маърузалар, таклифлар билан иштирок этиш баробарида жаҳон мамлакатлари Конституциявий судларининг тажрибасини ўрганиш, қиёсий таҳлил этиш имконига эга бўлиб, мулоқотлар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий тажрибани кенг ўрганиш ва имплементация қилиш масалаларига эътибор қаратдилар. Хусусан, Венециан комиссияси билан ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий давлатлар Конституциявий судларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ҳамда қарорлар қабул қилишдаги ўзига хос ечимлар масалаларини чуқурроқ ўрганиш муҳим эканлиги таъкидланди.      

  

 Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш