eye
АМАЛИЁТ,ИЛМ ВА ИЗЛАНИШ ДОИМО БИРГА БЎЛИШИ КЕРАК
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан жойларда туман, вилоят судларида “Устоз шогирд” анъанасини тиклаган ҳолда учрашувлар ташкил этилмоқда. Шундай учрашувлардан бири 25 октябрь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов иштирок этиб, ҳозирги иқтисодий аввалги хўжалик судлари ташкил этилиши ҳамда ривожланиши билан боғлиқ воқеликлар ҳақида бугунги ёш кадрлар ва судьяларга сўзлаб берди.

М.Абдусаломов меҳнат фаолияти давомида прокуратура, адлия, Марказий сайлов комиссиясидаги фаолияти билан бир қаторда 1995 йилда илк маротаба ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига раҳбарлик қилгани, уни оёққа қўйишда кадрлар, моддий-техника масаласи, штатлар тузилиши, жойларда қуйи бўғинларни ташкил этиш,уларнинг фаолиятини йўлга қўйишдаги эътибор қаратилган ва амалга оширилган ишлар ҳақидаамалий тажрибалари билан бўлишди.

Истиқлолнинг дастлабки давридаги қийинчиликлар бўлишига қарамай, соҳани илмий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент Давлат Юридик Институти билан ҳамкорликда судда икки кун ўқитиладиган “Хўжалик ҳуқуқи ва процесси” кафедраси очилиб, амалиёт билан илм боғлаб ўрганилгани, илмий салоҳият кучайтирилгани, бу эса соҳага билимли янги кадрларни етиштиргани ҳақида гапириб берди.

Зеро, ўз давридаги янгилик бўлган хўжалик суди олдида фақатгина суд процессларини олиб бориш ва унга доир ҳал қилув қарорларини чиқаришгина эмас, балки иқтисодиётнинг оқсаган томонларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш таклифларини бериш вазифаси ҳам мавжуд эди. Бу вазифалар том маънода адо этилиб, бугунги иқтисодий судлари пойдевори ўша даврларга бориб тақалади.

Учрашувда йиллар давомида шогирд ва ҳамкасб сифатида бирга, елкама-елка хизмат қилган, ҳозирда судья кадрларни тайёрлашда устозлик қилаётган Комилжон Синдаров, Илҳом Насриев, Собиржон Холбоевлар сўз олиб, соҳага оид бир нечта кодекслар ўша даврда ёзилгани, ҳар бир низолар бўйича Пленум қарорлари келгусида қонунлар бўлиб қабул қилинганини эсга олишди.

Мирзо-Улуғбек Элчиевич самимий суҳбат асносида бугунги ёш кадрлар суд-ҳуқуқ тизимидаги илғор янгиликлар, яратилган шарт-шароитлар, эътиборни тўлиқ англаган ҳолда зарур бўладиган омилларга эътиборли бўлишлари ҳақида ўгитлар берди. Хусусан:

- аввало ўз касбингизга садоқатли бўлинг,судьяликдек шарафли касбҳаммага ҳам насиб этмаслиги, унинг масъулияти юксак эканлигини ёдда тутинг;

- доимо ҳалол ва тўғри бўлинг, шунда инсон тинч яшайди;

- одамлар ҳаммасини кўриб, билиб туради, ким виждонан, адолатли ишлашини ажратиб олади;

- доимо ўз устингизда ишланг, ишламаган кунингиз тўхтаган кунингиздир.

Бу ўгитлар бугунги ёш судьяларнинг келгусидаги фаолиятларида зарурий сабоқ бўлиб хизмат қилади, насиб...

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш