eye
АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ПЛАТФОРМАСИГА АСОС СОЛИНДИ
Жорий йилнинг 22-25 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси М.Абдусаломов раҳбарлигидаги делегация Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг конституциявий юрисдикциялари Конференцияси (CCJ-I)”да ва “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар конституциявий юрисдикциялари Конференцияси” таъсис Конгрессларида иштирок этди.

Конференциянинг расмий очилиш маросими Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Дўлмабоғча саройида бўлиб ўтди.

Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 36 давлатнинг конституциявий ва юқори судлари ҳамда конституциявий юрисдикцияни амалга оширувчи тегишли институтларнинг раислари ва вакилллари, шунингдек Туркий давлатлар ташкилотига аъзо олтита давлатларнинг конституциявий назорат органлари раҳбарлари ва ходимлари (жами 136 киши) қатнашди.

Шунингдек, мазкур халқаро анжуман ишида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Адлия вазири Бекир Боздаг, Давлат кенгаши раиси Зеки Йигит, Туркия Конституциявий суди раиси ва судьялари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған халқаро Конгрессни очилишида сўзлаган нутқида, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларда адолат, демократия ва эркинликни таъминлаш борасида чинакам саъй-ҳаракатлар қилинаётганлигига, амалга оширилаётган ислоҳотларга хайриҳохлигини билдирди.

Туркия давлати раҳбари, Конституциявий судларнинг миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва ролини юксак баҳолаб, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашишни кучайтиришни мақсад қилган Истамбул декларацияси қабул қилинганлигининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади ва конституциявий юрисдикциялар конференцияси энди ўзаро очиқ мулоқот платформасига айланаётганини олқишлади.

Халқаро конференциянинг 24 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида “Ислом дунёси конституциявий юрисдикциялари Конференцияси Низоми”нинг лойиҳаси иштирокчилар томонидан бандма-банд муҳокама қилинди. Барча иштирокчиларнинг таклифлари ва мулоҳазалари атрофлича ўрганилгандан сўнг Низом бир овоздан қабул қилинди ва имзолаш маросими ўтказилди.

Келгуси икки йил давомида Конференцияга Туркия давлати Конституциявий суди раислик қилишига келишиб олинди.  Шунингдек, тадбирнинг иккинчи ярмида “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар конституциявий юрисдикциялари Конференцияси Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Конференцияда “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар конституциявий юрисдикциялари Конференцияси (TURK-AY) Низоми” қабул қилинди.

Ташкил этилган иккала халқаро ҳамкорлик тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг аъзо бўлиши хорижий мамлакатлар Конституциявий судлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга, илғор тажрибаларни алмашишга, мамлакатимизда конституциявий одил судлов сифатини оширишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

 

Конституциявий суд

девони

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш