eye
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ФАОЛИЯТИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг тушаббуслари билан рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фаолиятни рақамлаштириш барча соҳаларда очиқлик, шаффофликни таъминлаш ва самарадорликни янада ошириш билан бир қаторда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, коррупциявий омилларни кескин қисқартиришга хизмат қилади. Хусусан, одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига инновацион ечимлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилаётгани соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда, суд тизимида замонавий ахборот-коммуникациялар инфратузилмасини яратиш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш ҳамда суд органлари веб-сайтлари орқали фуқароларга интерфаол хизматларни кўрсатиш республикамизда суд органларида амалга оширилаётган инновацияларнинг асосини ташкил этади.

Шунингдек, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этишнинг асосий вазифаларидан бири судлар фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини ва тезкорлигини таъминлаш, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат. Бинобарин, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 30 августда қабул қилинган ПҚ–3250-сон қарори билан 2017–2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш Дастури тасдиқланган эди.

Шунингдек, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, мазкур соҳани кейинги босқичга кўтариш мақсадида давлатимиз Раҳбари томонидан 2020 йил 3 сентябрда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4818-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан иккита муҳим ҳужжат, яъни 2020–2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури ҳамда судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Қайд этилган қарорлар ижросини таъминлаш юзасидан судларнинг ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси тубдан янгиланиб, маълумот алмашишнинг корпоратив алоқа тармоғи ташкил этилди.

Судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимлари ва ресурслари, дастурий таъминотлари ва электрон реестрлар маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш Маркази ишга туширилди. Бунинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, судлар фаолиятига жорий этилган “E-XSUD” ахборот тизими судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини мониторинг қилишнинг самарали тизимини яратишда, судлов ишларини юргизишдаги муаммолар ва камчиликларни аниқлашда ҳамда уларни ҳал этиш чораларини кўришда, шунингдек судлар ишларини автоматлаштиришда ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тизимлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил
29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида “Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади”, - деб таъкидлаб ўтди.

Мамлакатимиз Президентининг мазкур ташаббусидан келиб чиқиб, умумий юрисдикция судларига электрон шаклда мурожаат қилиш тизими барча суд йўналишларида тубдан қайта кўриб чиқилди ҳамда фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориш тизими жорий этилди.

Энг муҳими, Ўзбекистон судлар фаолиятига замонавий ахборот-технологияларини жорий этиш бўйича тараққий топган мамлакатлар қаторидан ўз ўрнини топа олди. Ушбу соҳада одил судловга эришиш даражасини юқори босқичларга олиб чиқиш баробарида, аҳолига кўплаб қулайликлар яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев ўзининг қатор чиқишларида мамлакатда конституциявий назорат институтини янада ривожлантириш ва шу орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишга барчамизнинг диққатимизни қаратиб келмоқдалар.

Таъкидлаш жоиз, умумий юрисдикция судлари фаолиятини рақамлаштириш борасида олиб борилган ва бугун биз самарасига гувоҳ бўлаётган давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш тажрибасини мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятига ҳам татбиқ этиш ҳар қачонгидандан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 3-моддасидага мувофиқ Конституциявий суд доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Бироқ, конституциявий одил судловга эришиш учун фуқаро ва юридик шахсларга яратилган имкониятлар, жумладан мазкур суд фаолиятининг очиқлиги, унга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилиши бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Шунга кўра, конституциявий одил судлов фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш борасида кечиктириб бўлмас қуйидаги асосий тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади:

Биринчидан, Конституциявий суднинг ахборот-технологияларини жорий этиш бўйича инфратузилмасини яратиш ҳамда ушбу йўналишни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

Иккинчидан, Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи ягона ахборот тизими жорий этиш:

- иш юритиш тартибини рақамлаштириш, мурожаатларни электрон рўйхатга олиш ва уларнинг ҳисобини юритиш;

- Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва суд ҳужжатларини электрон шаклда олиш;

- фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш;

- мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш.

Учинчидан, суд фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигини таъминлаш учун фуқаро ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатадиган ахборот тизимларини яратиш.

Тўртинчидан, суд ишларини юритиш иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилишнинг замонавий усулларидан фойдаланиш, жумладан “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш.

Бешинчидан, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш ҳамда суд ишларини юритиш иштирокчиларига мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиш имкониятларини яратиш.

Олтинчидан, суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш.

Еттинчидан, Конституциявий одил судловни амалга оширишда зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни фуқаро ва юридик шахсларни овора қилмаган ҳолда вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлардан электрон шаклда олиш тартибини жорий этиш.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш Конституциявий суд фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судлов ишларини юритиш сифати ва аҳолининг конституциявий одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш, суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчиликка йўл қўйилишини олдини олишга эришилади.

Юқоридагиларга кўра, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш қуйидаги мақсадларни рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлади:

Конституциявий суд фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини суд биносига ташриф буюрмасдан туриб ҳал этиш имкониятини яратиш;

Конституциявий судга мурожаат қилишнинг амалдаги қоғоз шаклидаги тартибнинг муқобил шакли, яъни электрон шаклини жорий этиш орқали мурожаатларни тақдим этиш жараёнини қулайлаштириш;

Конституциявий судда иш юритишнинг амалдаги тартибнинг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш, шунингдек иш самарадорлигини ошириш;

ишларнинг электрон архивини шакллантириш орқали уларни сақлаш ва давлат архивига топшириш ҳаражатларини кескин кисқартириш.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, конституциявий одил судловни амалга ошириш жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгиланишини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Козимжон Комилов,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

судьяси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш