eye
Инсонни эъзозлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналиши

Буюк маърифатпарвар шоир Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Садди Искандарий” достонида шундай жумлалар бор:

“Ниманики ўзингга нораво деб билсанг, уни халққа ҳам асло раво кўрма. Гуноҳкорни жазолаш ҳақида ҳукм чиқазмоқчи бўлганингда, Худо олдида ўз гуноҳларинг борлигини ҳам эслаб қўй. Ёмонга жазо бериш – гарчи қонун ва сиёсат юзасидан тўғри бўлса ҳам, аммо адолатли ҳукмдорнинг асл йўли – шафқат-мурувватдир...”

Достонда келтирилган ушбу жумлалардан хулоса қилиш мумкинки, Алишер Навоий ўз асари қаҳрамони – оламлар подшосини инсонпарвар, халқпарвар, инсонийликнинг барча фазилатларини ўзида мужассам этган шахс сифатида кўришни орзу қилган. 

Дарҳақиқат, ҳазрат Навоийнинг барча асарларида инсон омили, унинг шаъни, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида эътироф этилади. Ҳаёт Яратганнинг инсонга берган буюк неъматидир. Асардаги бу каби талқинлар халқимизнинг минг йиллик қадриятлари, урф-одатлари, орзу-умидларини намоён этган десак, муболаға бўлмайди. 

Айнан шу нуқтаи назардан олганда, мамлакатимизни давлат мустақиллигига эришиши ўзбек халқининг минг йиллик орзуси бўлган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсадини амалга оширишга имконият эшикларини очди. Муболағасиз айтиш мумкин, халқимизнинг ушбу олийжаноб мақсадларига ҳуқуқий пойдевор бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий жамият барпо этиш ва, ниҳоят, фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатлик кафолатларини белгилаб берди. Халқимиз орзу қилган инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари мамлакатимизда олий қадрият сифатида эътироф этилиб, давлат томонидан кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси, 23-бандига мувофиқ, мамлакат Президенти “... Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв...” этиш ваколатига эга.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу ваколатдан жуда кенг фойдаланиб, судлар томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш орқали давлатнинг чин маънода инсонпарварлик ғояларига ва “Инсон қадри, инсонни эъзозлаш” тамойилига содиқлигини кенг жамоатчиликка, қолаверса, бутун дунёга намоён этмоқдалар.

Келинг, биргина Ўзбекистонни янгиланиш даври, аниқроғи, 2017 йилдан буён суд томонидан ҳукм қилинган ва жазо муддатини ўтаётган шахсларни афв этишни назарда тутган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларини таҳлилий кўриб чиқайлик. 

2017-2021 йилларда жами 21 та Президент фармони чиқарилган бўлиб, ушбу фармонлар асосида суд томонидан ҳукм қилинган 5555 нафар маҳкум афв этилган. 

Булар йиллар кесимида ўрганилганда 2017 йилда битта фармон билан 2 минг 700 нафар маҳбус озодликка чиққан. 2018 йилда учта фармон эълон қилинди ва 621 нафар маҳбус оиласи бағрига қайтди. 2019 йилда давлат раҳбари тўртта фармонга имзо чекди ва 771 нафар шахс қамоқхоналарни тарк этди. 2020 йилда бешта фармонга кўра 616 нафар, 2021 йилда тўртта фармонга асосан 637 нафар, 2022 йилда эса, тўртта фармонга асосан 605 нафар маҳкум афв этилди.

Масалани яна бир муҳим жиҳати бор. Яъни, Президент фармонида шахсларни фақат афв этиш эмас, балки уларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш баробарида, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун кўмак бериш бўйича масъулларга алоҳида топшириқлар берилган. Демак, афв этиш замирида нафақат кечиримлилик, балки давлатнинг юксак инсонпарварлик ғояларга содиқлиги ҳам намоён бўлмоқда.

Бугун мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларни яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратсак. 

Маълумки, мамлакатимизда ўлим жазоси 2005 йилда бекор қилинган. Ўлим жазоси бекор қилингунга қадар Жиноят кодексининг ўлим жазосини назарда тутувчи моддалари 33 тадан 2 тага камайтирилиб, ўлим жазоси фақатгина қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этган шахсларга нисбатан тайинланиши белгиланган эди. 

Ўлим жазоси бекор қилингунга қадар, мамлакатимизнинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар сони жиноий жазоларга тортиладиган қилмишлар умумий сонининг бир фоизидан камроғини ташкил этган. Шунингдек, ўша вақтлардаёқ амалдаги Жиноят кодексида аёлларга, вояга етмаганларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаш бекор қилинган. 

Тарихдан маълумки, ўлим жазоси инсониятга маълум бўлган энг қадимий жазо турларидан ҳисобланади. Юридик адабиётларда жазонинг бу тури қонли ўч олиш одатларидан келиб чиққанлиги баён этилади. Бу эса энг қадимги инсоният тараққиёт босқичида одатий ҳол ҳисобланган. Ҳатто қадимги Греция, Рим, Миср қонунларида бир қанча жиноятлар учун ўлим жазосини қўллашни назарда тутган нормалар мавжуд бўлган.

Ўтган асрнинг 30-40 йилларида инсоннинг содир этган жинояти учун ўлим жазоси тайинлаш одатий ҳолга айланган бўлиб, мустабид тузим қонунларидан қанча-қанча оилалар азият чеккани, норасида фарзандлар етим қолгани кўпчиликнинг кечагидек эсида турибди. Ўзбек халқининг мутафаккир ёзувчи ва шоирлари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа минглаб ватандошларимиз суднинг қарори бўлмасдан туриб ўлимга маҳкум этилгани бугун кўпчиликка сир эмас. Жазонинг ва қонунларнинг адолатсизлиги, шафқатсизлиги туфайли яқин ўтмишда “ўзбек иши” бўйича отувга ҳукм қилинганларнинг тақдири ҳаммамизга маълум. Ўша даврларда жиноят содир этган маҳкумга ўлим жазосини тайинланиши кўпчилик учун табиий ва бу одатий ҳол сифатида қабул қилингани, афсуски, ҳақиқат. 

Шуни ҳам очиқ айтиш керак, республикамизда ўлим жазосини бекор қилиниши қандай оқибатларга олиб келади? Бу билан мамлакатда ўта оғир жиноятларни содир этиш ҳолатлари ортиб кетмайдими деган турли саволлар ўша вақтларда кўпчиликни ташвишга солгани бор гап. 

Ҳаёт шуни кўрсатдики, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш, кафолатлаш – буларнинг барчаси бир қарашда оддий бўлиб кўрингани билан амалда, ўта мураккаб масала экан. Уларнинг муваффақиятли ҳал этилишда фақатгина давлатнинг саъй-ҳаракати етарли бўлиб қолмай, балки, бутун жамият аъзоларининг бу масалага қай даражада тайёр эканлиги, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига ҳам бевосита боғлиқлиги маълум бўлди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш мақсадида, умуман маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни яратишда кенг кўламли ислоҳотлар давом этмоқда. 

Янги Конституция лойиҳасида Ўзбекистонда ўлим жазосини умуман тақиқлаш тўғрисида қоида киритилиши ҳақидаги давлат раҳбарининг таклифи чуқур мазмунга эга эканлигини алоҳида таъкидлашга зарурат бўлмаса керак. Чунки, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ инсонга Яратган томонидан инъом этилган. Бундан уни ҳеч ким маҳрум этишга ҳақли эмас.

Ушбу мақолани тасаввуф илмининг устоди шайх Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарида келтирилган қуйидаги жумлалар билан якунлашни лозим топдик:

“Аллоҳванди жаҳон дейдики, эй фалончи, аввалда тавба қилдинг, афв этдим. Сен тавбани буздинг - жазолашим мумкин эди, лекин жазоламадим. Иккинчи марта тавба қилдинг ва яна буздинг. Муҳлат бердим, ғазаб қилмадим. Энди хаёлингда яна тавба қилиш бор, эй бехабар. Яна тавба қилиб, Мен томон қайт, эшикларим очиқ, сен - жиноят қилувчи, Биз – кечирувчимиз”...

Ўзбекистон Республикаси Президенти олиб бораётган бугунги давлат сиёсати айнан ушбу ўлмас исломий фалсафага ҳамоханг десак, асло муболаға бўлмайди.

АБДУМАННОБ РАХИМОВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди судьяси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш