eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР – СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИДИР
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Сўнгги 6 йил давомида бу йўналишдаги устувор масалалар  юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди. Жумладан 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, қолганларига жиддий ўзгартиришлар киритилди, янги “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Шу билан бирга ҳаммамиз юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг келажакда ҳам мантиқий давом этиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлган конституциявий ислоҳот арафасидамиз.

Яъни янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни қабул қилиниб, ушбу Қонун жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдумига қўйилганлиги шубҳасиз барчамиз ва мамлакатимиз тақдири учун энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Янги Конституция амалдаги Кониституциядан ҳажм ва нормалар бўйича жиддий ўзгаришларни қамраб олган. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясидаги моддалар сони 128 та бўлган бўлса, янгисида уларнинг сони 155 тани ташкил этади. Ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага оширилиб, умуман айтганда амалдаги Конституциямизнинг 65 фоизга ўзгартириш киритилмоқда.

Шу билан бирга янги Конституциямизда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам муҳим янгиликлар ўрин олган. Улар шубҳасиз фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суднинг ролини ошириш, ҳар қандай низоли масала суд томонидан адолатли ечим топишига қаратилган.

Маълумки, суд тизимининг дастлабки конституциявий ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топган. Конституциямизнинг йигирма иккинчи боби “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” деб номланиб, ушбу боб 11 та моддадан иборат.

Умумхалқ муҳокамаси натижасида янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси ҳажм жиҳатдан бир мунча кенгайиб, 11 та моддадан иборат “Суд ҳокимияти” деб номланган XXIII боб билан ўзгартирилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилмоқда.

Конституциявий суд судьяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз
10 йилга сайлаш тартиби белгиланмоқда (ҳозирда биринчи марта
5 йилга, кейин 10 йилга сайланади).

Конституция лойиҳасининг 29-моддасида ҳам инсон ҳуқуқларига оид муҳим қоидалар киритилмоқда.

Ҳар ким ҳам юрист эмас ва ҳар ким ҳам юридик маълумотга эга эмас. Аммо демократик давлатда ҳар бир киши ўз ҳақ ҳуқуқларимизнинг ҳимоя қилиниши ҳамда давлат томонидан шахснинг ўзига берилган ҳуқуқларни биришга ҳақлидир.

Зарур ҳолларда малакали юридик ёрдам олишга барчанинг ҳам қурби етмайди. Давлат ёрдам қўлини чўзиши лозим ва шарт. Шу боис, Конституция лойиҳасида муҳтож фуқароларга давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиши давлат ҳисобидан кафолатланиши белгилаб қўйилмоқда.

Давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш қандай амалга оширилади?

Авваламбор, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги ҳужжатлар тузиш, шунингдек судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали амалга оширилади. Сўнгги 3 йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун давлат бюджетидан 111,9 миллиард сўм сарфланган.

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ бугунги кунда бепул юридик ёрдам асосан жиноят процессуал қонунчилиги доирасида кўрсатилади. Фуқаролик ишлари, меҳнат низолари ва бошқа йўналишларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилмайди. Конституцияга мазкур янгиликлар киритилса, фуқароларимиз нафақат жиноят ишлари доирасида, балки фуқаролик, меҳнат ва бошқа соҳаларда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин бўлади.

Ҳар қандай шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чақирилганда ёки ушланганда бир оз ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда адвокат ёрдамидан фойдаланишни таъминлаш муҳим. Шу боис, ушбу моддада шахснинг адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқининг алоҳида белгиланиши унга нисбатан ноқонуний ёки асоссиз айблов қўйилишидан, турли босимлардан ҳимоя қилади. Шахс ўз танловига кўра, яъни истаса, адвокат ёрдамидан фойдаланади, истамаса, бундай ёрдамдан воз кечиши мумкин. Борди-ю, бунга имкони бўлмаса, давлат ҳисобидан адвокат таъминланиши мумкин.

Бундан ташқари шахсга суд ёки тергов жараёнларида унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб қила олади. Бу нима дегани, шахсга қарши гувоҳлик бераётган одам бошқа ғаразли ниятларда ёки тергов жараёнларини адаштириш учун ҳам бериши мумкин, бу эса судда одилликка раҳна солишига олиб келади. Конституция лойиҳасида мазкур қоидани киритилиши гувоҳлик бераётган шахсларда ҳам масъулиятни уйғотади.

Кечиримлилик – халқимизга хос хислат. Давлат – хато қилган фарзандини кечирувчи ота-она сингари ўз фуқароларига қайта имконият тақдим этиши жуда муҳим. Бу – фуқаронинг давлатга бўлган ишончи ва меҳрини ҳис этишида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Унинг Асосий қонунда мустаҳкамланиши эса ана шу эзгу мақсаднинг кафолатидир.

Жиноят қилган инсонни жазолашдан мақсад – уни қайта тарбиялаш, хатоларини англаб етишига эришиш. Кўпчилик жиноятга адашганидан қўл уради ва бошқа ҳеч қачон бу ишни қайтармасликка виждонан аҳд қилади. Бундай инсонларни панжара ортида ушлаб туришдан нима наф? Озодликка чиқсин, сидқидилдан ишлаб, ота-онаси, яқинлари, маҳалла-кўй, жамият олдидаги айбини ювсин.

Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда қўлланилган маҳкумларни афв этиш ва қайта ижтимоийлаштириш сиёсати амалда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Президентимизнинг 2017 йилдан бери афв этиш билан боғлиқ 21 та фармони эълон қилинди. Мазкур фармонлар асосида 5 555 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилди.

Давлат ва жамият томонидан ушбу тоифадаги кишиларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими яратилган. Президентимизнинг 2022 йил
29 июндаги ПҚ–299-сон
қарорига мувофиқ 2022 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб комиссия хулосаси асосида жазони ўтаб бўлган собиқ маҳкумларга МҲЭКМнинг 10 баравари миқдорида “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” бериладиган бўлди. Уларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини молиялаштиришга кўмак беради.

Конституцияга мазкур нормани киритилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлайди ҳамда одил судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилади.

Шахсга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик берган шахсларни сўроқ қилинишини талаб қилиш ҳамда таржимондан фойдаланиш ҳуқуқи биринчи навбатда тергов ва суд тизимининг сифатини оширишга энг аввало одиллик ўрнатилиши ҳамда айбсизлик презумпциясининг мустаҳкамланишига олиб келади.

Афв замирида нафақат кечиримлилик, балки юксак инсонпарварлик мужассам. Негаки, афв этилган шахсларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳам бундай инсонпарварлик муносабатидан баҳраманд бўлади. Адолатли жамиятда айбдорларни жазога тортишдан мақсад уларни жазолаб янада ашаддийлаштириш эмас, балки тўғри йўлга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантиришдир. Шундай экан, ушбу тажрибани Конституцияда белгилаб қўйиш барча учун манфаатли бўлади.

Афв этилган бир инсон туфайли унинг яқинлари, оила-аъзолари, дўстлари, қариндошлари ва яна қанча инсонлар турганини унутмаслик керак. Бу орқали кўплаб инсонлар кўнглида давлатга нисбатан ишончни мустаҳкамлаш мумкин. Бу каби ишлар тизимли, давомий бўлиши учун эса унинг Конституцияга киритилиши жуда ҳам муҳим эди. 

Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун албатта давлат билан бирга суднинг ҳимояси асосий кафолат ҳисобланади.

Бу эса иқтисодий судларга янада масъулият юклаши табиий.

Конституцияга адвокатура институтига бағишланган ва адвокатлар фаолиятининг кафолатларини мустаҳкамловчи алоҳида боб киритилмоқда. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимояси бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланмоқда.

Янги Конституциямизда инсон ҳуқуқларини ҳимоялашда судларга боғлиқ қандай кафолатлар назарда тутилганлиги барчамизни қизиқтириши табиий.

Унинг 30-моддасида ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Яқин ўтмишда кўплаб инсонлар беайб айбдор бўлиб, жавобгарликка тортилгани, ҳаттоки қамалишгача бориб етган ҳолатларни кўпчилик яхши эслайди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Конституцияга янги норма киритилмоқда. Яъни, эндиликда ҳеч ким ҳали расман эълон қилинмаган қонунчилик ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Бу норма Конституцияда белгилаб қўйилиши орқали жавобгарликнинг ҳар қандай кўриниши қонуний бўлиши таъминланади.

Шу билан бирга, Конституциямизда “Ҳеч ким айнан битта ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас”лиги тўғрисидаги норма назарда тутилмоқда. Мазкур норма киритилиши қонунларни қўллаш амалиётида бир хил ёндашувни таъминланишида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Масалан, Жиноят кодексида одиллик принципи сифатида ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда айнан бундай аниқ нормалар мавжуд эмас. Бу эса амалиётда турлича талқин қилишга олиб келади. Натижада жиноий жавобгарликка тортилган инсонларга яна бошқа жазолар ҳам берилишига сабаб бўлади. Агар бу норма Конституцияда бўлганида эди, жазо тайинлашда унга таяниш мумкин бўлган бўларди.

Айтайлик, бир киши бир ножўя хатти-ҳаракат содир этди. У суд томонидан айбли деб топилди ва жарима жазоси белгиланди. Яъни, у қилмиши учун жазосини олиб бўлди. Аммо ўша шахснинг ишхонасида унинг раҳбари ходими судланганини эшитиб, гарчи ножўя ҳаракатни ишга умуман алоқаси бўлмасада, уни ишдан бўшатиб юборди. Демак, бир қилмиш учун фуқаро иккита жазо олаяпти. Бу адолатданми? Албатта, йўқ. Бунақа мисоллар ҳаётимизда жуда кўп.

Агар Конституцияга айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги ҳақида қоида киритилса, бу амалиётда фуқароларнинг битта иши учун турли инстанциялар томонидан турлича жавобгарликка тортилишининг олдини олади. Чунки Конституция энг юқори турувчи олий ҳужжат бўлгани учун, ундаги қоидалар жавобгарликнинг барча турларига тааллуқли бўлади. Бу эса инсон қадрини ҳимоя қилиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлади.

Бундай норманинг Конституцияга киритилиши қонунчиликдаги турли талқинларнинг олдини олади, кичик хатолар учун катта ёки бир нечта жавобгарликлар келиб чиқмаслигига хизмат қилади.

1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасига кўра, ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Айтиш жоизки, мол-мулк ҳуқуқи дахлсизлигини суд орқали ҳимоялаш институтлари хорижий ривожланган давлатларда юксак равишда таъминланган. Хусусан, АҚШ Конституциясининг
5 қўшимчасида алоҳида таъкидланадики: “Ҳеч кимнинг мулки жамоат мақсадларида адолатли компенсация тўланмасдан олиб қўйилиши мумкин эмас”.

Худди шундай мулк ҳуқуқи дахлсизлиги концепцияси бошқа илғор хорижий мамлакатлар – Франция, Германия, Япония, Туркия ва Канада каби давлатлар тажрибасида самарали қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
2021 йил 6 ноябрда Президентлик лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимида сўзлаган нутқида келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарурлигини, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади, деб таъкидлаган эди.

Ушбу масала Конституциянинг 47-моддасида акс топган. Унга кўра ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилиб, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини англатади.

Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланаяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.

Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланаяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт – бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.

Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда.

Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.

Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда. Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим норма – агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳолат жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда.

Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланаяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.

Биз соҳадаги барча муаммолар ўз ечимини топди деб айта олмаймиз. Суд тизимининг олдида халқнинг судга тўлақонли ишончига эришиш, уларни суддан рози қилиш йўлида муҳим вазифа ва мақсадлар турибди.

Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Фақатгина мустақил суд ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ва адолатли ҳимоя қилиши мумкин.

 

Козимжон КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш